Гарчанд, катта клублар ўзларининг муҳим фигураларини сотишни исташмаса ҳам, молиявий вазият ва футболчилар истаги кўп нарсани ўзгартиришга қодир. Биз яқин тарихда қишки трансферлар ойнасида кўплаб йирик кўчишларга гувоҳ бўлганмиз. Улар ичида 100 миллиондан ошиқ бўлган Энцо Фернандес ва Филиппе Коутиньо харидлари мавжуд. Қуйида нарх ва ном борасида улардан қолишмайдиган эҳтимолий харидлар ҳақида билиб оласиз.
Жейдон Санчо – "Боруссия Дортмунд"га
Санчонинг нархи борган сари тушиб кетмоқда. Инглиз ҳужумчисининг "Орзулар театри"даги ишлари ҳеч юришмади. У ҳозирга қадар 82 та баҳсда 12 та гол уришга эриша олди холос. Жейдон Санчо ҳозир Эрик тен Хаг билан муносабат борасида муаммога эга. Шу сабабли уни "МЮ"даги келажаги хавф остида. Футболчининг ўзи ҳам жамоасини янгилашга қарши эмас. Унга "BVB" қизиқиш билдирмоқда. 23 ёшли ҳужумчи яна эски клубига қайтиши мумкин. Олдинги даврда Санчо Бундеслига гиганти учун 137 ўйинда 117 та голда қатнашган эди. Бу сафаргиси эса ундан ҳам яхши бўлиши мумкин.
Айван Тауни – "Арсенал"га
"Арсенал"га янги ҳужумчи керак бўлиб турибди. Микель Артета фақатгина Габриэл Жезусга ишониб қола олмайди. Ҳа, у жамоани ўзгартиришда катта ҳисса қўшди. Аммо гол машинасига айлана олмади. Қолаверса, бразилиялик жароҳатларга мойил футболчи. Шу сабабли клубга янги, ҳақиқий "тўққизинчи рақам" эгаси керак. Аммо бундай трансферни амалга ошириш учун, аввало Эдди Нкетиани сотиш лозим.
Айни дамда "Брентфорд" юлдузи Айван Тауни тўпчилар радарида турибди. Уни супер-трансфер дейиш қанчалик тўғри бўлишини билмаймиз. Аммо нарх эътибори билан шундайлиги аниқ. Негаки, 27 ёшли ҳужумчини "Брентфорд" 100 миллион фунтдан камига сотмоқчи эмас.
Андре – "Ливерпул"га
Андре футбол оммаси назарига Либертадорлар кубоги даврида тушган эди. У "Флуминенсе" сафида фантастик даража намойиш этмоқда. АПЛ клублари Андре харидига қизиқиб қолган. Юрген Клоппга таянчи ярим ҳимоячиси етишмаяпти. Адре эса бу борада мерсисайдликлар муаммосига ечим бўла олади. 23 ёшли футболчига "МЮ" ҳам даъвогарлик қилаётган эди.
Гонсалу Инасиу – "Реал"га
Анчелотти мавсумнинг биринчи ярмида жароҳатлардан қийналаётган "Реал"ни яхши бошқармоқда. Аммо ҳимоядаги муаммоларга ортиқ кўз юмиб бўлмайди. Алабанинг сафдан чиқиши мадридликларнинг узоқ муддатлик режаларига путур етказиши мумкин. Айни дамда ишончли вакиллардан фақатгина Антонио Рюдигер қолди. Агарда унга ҳам заҳм етса нима бўлади? Шу нуқтайи назардан жамоага зудлик билан ҳимоячи керак. Бу борада "Спортинг" юлдузи Инасиу ёрдамга келади. 60 миллион еврога баҳоланаётган футболчи, ёш ва чаққон. Шу сабаб, уни узоқ муддатни кўзлаб сотиб олиш мумкин.
Виктор Осимхен – "Челси"га
Жорий мавсумда Осимхенга жароҳатлар катта муаммо келтирди. Унинг жамоаси эса турнир жадвалида анча мураккаб аҳволда қолмоқда. Нигериялик гол машинаси ўтган мавсумни 24 та гол билан якунлаган. Аммо унинг кетиш вақти етганга ўхшайди. 120 миллион евро тўлаган клубгина 24 ёшли ҳужумчига эриша олади. "Челси" Осимхен учун энг жиддий даъвогар бўлиб турибди. Почеттино жамоаси у орқали яна етакчилар сафига қайтиб олиши мумкин.
ИСМАТОВ Ж.