Самарқандда бўлиб ўтаётган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида кеча можаро юз берди.
Блиц баҳсларининг 11-турида россиялик икки спортчи — Даниил Дубов ва Ян Непомняшчий ўзаро тўқнаш келишди. Томонлар 13-юришда дурангга келишишди (шахматда, агар томонлар вазиятни тенг дея ҳисоблашса, ўзаро келишган ҳолда дуранг қайд этилиши мумкин).
Аммо ҳакамлар вазиятни таҳлил қилишди. Мусобақа бош ҳаками Иван Сировий эса ҳар икки спортчига мағлубият ёзиш ҳақида қарор чиқарди (дуранг учун уларга берилган 0,5 очко бекор қилинди).
Шундан сўнг шахматчилар аппелляция беришди. Аппелляция комиссиясининг учала аъзоси ҳам бош ҳакамнинг қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида қарор чиқарди.
Қуйида ўйинни видеосини томоша қилишингиз мумкин: шахматчилар фақат иккита от билан бир хил ўйнашган. Отлар майдонга чиқарилди ва тахта бўйлаб айлантириб, яна ўз ўрнига жойлаб қўйилди. 13-юришдан кейин дурангга келишишди.
Шахмат қоидаларининг 1-модда 11-қоидасида "Спортчилар шахмат ўйинининг репутациясига салбий таъсир кўрсатадиган ҳеч қандай хатти-ҳаракатларни қилиши керак эмас", деб ёзиб қўйилган.
Даниил Дубов ўзининг бу ишини мусобақа ташкилотчилари ва ҳакамларига норозилик рамзи экани билан изоҳлади:
"Одатда бундай партиялар мусобақа ташкилотчилари ҳаракати ёки ҳакамлар ишига норозилик сифатида қилинади.
Артемьевга қарши ўйинимда (8-тур) Владислав бир ярим дақиқага кечикди (бейжики йўқлиги учун уни ўйин залига киритишмаган). Бундай устунлик билан ўйнашни мен истамадим. Бир ярим дақиқа кутиб, "буллет" ўйнашни ҳам хоҳламадим.
Мен 2013 йилдан бери ўтказиб келанаётган барча жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келяпман, фақат 2017 йилга турнирда қатнашмадим. Шуни айтишим мумкинки, бугунги кун, назаримда, ҳакамлар иши ва ташкилотчилик борасида мен иштирок этган турнирлар орасида энг ёмони бўлди. Ян билан партиямиз дебютига бу нарса ўз таъсирини ўтказди".