Ладислав Кубаланинг ҳаёт йўлига назар солсангиз, Ремаркнинг навбатдаги асарини ўқиётгандек таассурот оласиз. Шарқий Европадаги камбағал оиладан чиққан, муваффақиятга эришиш учун жуда қийин йўлни босиб ўтган болакай ҳикояси.
Ласло (туғилгандаги исми) Кубала 1927 йил 10 июнда Будапешт яқинида ишчилар оиласида дунёга келган.
Кубала ўзининг футбол йўлини Венгриянинг “Ганз Торна” жамоасида бошлаган. Ўша пайтлар энг қийин давр эди: биринчи жаҳон урушидан қолган асоратлар, иккинчи жаҳон уруши бошланиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар. Ласло нафақат футбол ўйнаши, балки жуда кўп ишлаши ҳам керак эди. Бу қийинчиликлар унинг характерига таъсир ўтказмасдан қолмади.
1945 йилда Кубала ўша пайтда энг кучли жамоалардан бири — “Ференсварош” билан шартнома имзолади. Ласло у ерда узоқ қолмади, лекин ушбу жамоада ўйнагани сабабли Венгрия ёшлар терма жамоасидан чақирув олади.
1946 йилда Кубаланинг отаси вафот этади ва у оила бошига айланади. Қийинчилик сабаб оила қадимий аждодлари ватани бўлмиш Чехословакияга қайтишга қарор қилади. Ласло у ерда Ладислав исмини олади. Чехословакиянинг Братислава шаҳрига жойлашган маҳаллий жамоа билан келишувга эришади. 1946 йил 27-октябрда Чехословакия терма жамоасида дебютини ўтказади. Австрияга қарши дастлабки учрашувидаёқ Кубала ўз ҳисобига гол ёздириб қўяди. Чехословакия ўша ўйинда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонади.
1947 йилда эса Ладислав бош мураббийнинг қизига уйланади ва турмуш ўртоғи билан 3 фарзандни вояга етказади.
Кубала Братиславада узоқ қолмади. Тез орада Венгрия ўз ерларидан чиқиб кетган қочоқларни ортга қайтара бошлайди. Кубала ҳам оиласи билан Венгрияга қайтишга мажбур бўлади. Будапешт шаҳрининг “Вашаш” жамоаси Ладиславни ўз сафига қўшиб олади. Венгрия терма жамоаси Кубала бошқа терма жамоада иштирок этган бўлса-да, иккинчи терма жамоа сифатида уни қайдномага кирита бошлади. Бу эса узоқ давом этмади. Футболчи Чехословакияга жосуслик қилишда гумонланиб, кузатув остига олинди. Кузатувларнинг охири Кубаланинг Венгрия армиясига чақирилиши билан тугайди. Футболчи армияда хизмат қилишни истамасди ва иккинчи марта мамлакатни тарк этди. 1949 йил январь ойида Кубала оиласи билан Венадан қочиб кетади. Мана шу ерда унинг ҳаёти Ремарк китобларидек кечаётганди. Италиянинг энг кучли жамоаларидан бири “Торино” футболчига таклиф билан чиқди. Бундан Венгрия футбол федерацияси хабар топади ва Кубалани умрбод футболдан четлатишни сўраб ФИФАга шикоят қилади. “Торино” вазият яхши томонга ўзгаришига умид қила бошлади. Кубала клубнинг расмий ўйинларида иштирок эта олмасди. Турин жамоаси Ладиславни 1949 йилги Лиссабондаги “Бенфика”га қарши ўйинга таклиф қилади. Ўша пайтда Кубала эндигина фарзандли бўлганди ва турмуш ўртоғи уни Португалияга бормасликка кўндиради. Футболчи туринликлар билан бирга парвоз қилмайди. “Торино”нинг Лиссабонга саёҳатининг якуни қандай бўлганини ашаддий футбол мухлислари билиса керак. “Торино” Лиссабонда “Бенфика” меҳмони бўлади. 4:3 ҳисобида мағлубиятга учраган туринликлар ортга қайтишда авиаҳалокат натижасида фоижавий тарзда ҳалок бўлади. Кубала турмуш ўртоғининг илтимосига кўра уйда қолади ва ўша самолётга чиқмайди.
Ладислав узоқ вақт тушкунликда яшайди. У бирорта расмий ўйинда иштирок этолмасди, лекин оиласини боқиш учун пул керак. Кубала шунда шахсий футбол клубини ташкил қилишга қарор қилади. Жамоага Шарқий Европадан келган қочоқларни таклиф этади. Таркибнинг асосий қисмини венгерлар ва югославлар ташкил этарди. Охирги пулларига жамоа учун автобус сотиб олади ва Европа бўйлаб саёҳатга отланади. “Ҳунгария” (Кубала жамоасини шундай атаган) Австрия билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнайди ва Италияни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратади. Шундан сўнг Испанияга йўл олади.
Қандай жойга бориб қолаётганимизни сезаётган бўлсангиз керак.
Мухлислар билан тўлган Севилья стадионида Кубала жамоаси Испания устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Ладиславнинг ўзи ўша ўйинда жарима зарбасидан гол уради. Кубала испан грандлари назарига тушади. “Реал” ва “Барселона”дан тушган таклифлар ичидан каталонияликларни танлайди. “Нега?” деган саволга йўл-йўл либос ёқишини айтиб ўтади.
1950 йилда Кубала Испания фуқаролигини олади. Исмини Ладислаога ўзгартиради. “Барселона” скаутлар раҳбари Пеп Самитер ФИФА офисига боради ва футболчининг расмий ўйинларда қатнашиш ҳуқуқини қайтариш учун музокара ўтказади.
Соатлаб давом этган суҳбатдан сўнг ФИФА футболчининг дисквалификациясини 1 йилга қисқартириб беради ва “Барселона”га шарт қўяди. Унга кўра, каталонияликлар Венгрия футбол федерациясига ва “Про Патрии” жамоасига (Кубала “Торино”даги омадсизликдан сўнг шу жамоа билан шартнома имзолаган эди) пул тўлаб бериши лозим эди.
Кубаланинг Каталония жамоасидаги илк устози Фердинанд Даучик бўлди. Даучик бошчилигида клуб 2 марта Ла Лига ва 1 марта Испания Кубогини қўлга киритди.
Кубала “Барселона” мухлисларининг ёқимтой футболчисига айланди. Унинг ўйинини яна кўпроқ мухлис кўриши учун каталонияликлар янги стадион қуришни режалаштиради. Ўша стадион дунёга машҳур “Камп Ноу” эди.
Кубала Каталониядаги дастлабки тўлиқ мавсумида 19 ўйинда майдонга тушади ва 26 та гол урди. Улардан 7 тасини битта ўйинда “Спортинг Хихонг” дарвозасига уради.
Мадридда эса бошқа бир венгриялик футболчи Ференс Пушкаш етакчилигида супер клуб тузилаётганди. “Барселона” эса бунга кўз юмиб кета олмасди. Янги мураббий Эленио Эррера футболчиларга алкогол маҳсулотларини истеъмол қилишни тақиқлаб қўйди. Кубала алкогол маҳсулотларини кўп ичарди, лекин раҳбариятнинг сўзини икки қилмади.
Кейинги мавсум оғир кечади. Футболчи сил сабаб жуда кам ўйинда майдонга туша олмайди, тузалганидан кейин эса у жамоасининг чемпионат, Кубок ва Суперкубокни қўлга киритишига ёрдам берганди.
Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Кубала “Барселона” мураббийига айланади. Лекин футболчиликни қўмсайверди. Шунинг учун “Эспаньол” жамоасига ўйновчи мураббий бўлиб ўтиб кетади. У ерда Альфред о ди Стефано билан биргаликда тўп суради.
Умрининг охирги йилларида Кубала Паркинсон касаллигига чалинади. 2002 йил 12 февралда Барселонадаги шифохонага ётқизилган Ладислав 2002 йил 17 майда вафот этди.
1999 йилда “Барселона” ўзининг 100 йиллигини нишонлади ва мухлислар ўртасида “жамоанинг энг яхши футболчиси” кимлиги ҳақида сўровнома ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра Ладислав Кубала энг кўп овоз тўплади.
Футбол тарихидаги афсонавий футболчилардан бирининг ҳаёт йўли шундай кечган.