Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Одил Аҳмедов: «Узоқ масофадан гол уришни яхши кўраман»

Баҳо:
+1 | -

"Анжи" футболчилари кеча бўлиб ўтган "Реал" ва "Барселона" клублари ўртасидаги Испания кубоги доирасидаги ўйинни "Сантьяго Бернабэу" стадионида томоша қилишди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов Sportbox.ru сайтига "Эл-класико" таассуротлари билан ўртоқлашди.

— "Реал" - "Барселона" ўйинига ташрифдан бутун умрга етадиган таассурот олдингизми?
— Албатта. Бу — менинг орзуим эди. Ҳар доим ҳам бундай савиядаги ўйинларга ташриф буюришнинг имкони бўлмайди. Бизга бундай имконият беришгани учун раҳмат айтаман. Масалан, биз жамоа билан бирга "Барселона" ва "Манчестер Юнайтед" ўртасидаги Чемпионлар лигасининг финал ўйинига кирганмиз. Аммо бу бошқа даража. "Эл-класико"нинг савияси эса энг юқори. Иньеста идеал ўйин кўрсатди: унда хатолар жуда кам, тўпни олиб қўйишда ва вазият яратишда аъло даражада ҳаракат қилди. Бу ўйинда Андрес менга Мессидан кўра кўпроқ ёқди.

— Дарвоқе, Иньеста сиз ўйнайдиган таянч зонасида ўйнайди...
— Ҳа, шунинг учун ҳам, "Барса"га мухлислик қилсамда, мен бу ўйинни мухлисдек кўрмадим. Иньестанинг кўп юришлари ностандарт, ҳаракатлари тезкор ва кутилмаган. У бугунги кунда майдон марказида ўйнайдиган футболчилар учун намуна бўла олади.

— "Сантьяго Бернабеу"ни тарк этаётганингизда, жамоадошларингиздан кимдир: "Ушбу стадионга кузда ёки келаси йили мухлис сифатида эмас, жамоа сифатида келсак ёмон бўлмасди", дея айтиб ўтди...
— Ҳа, ёмон бўлмасди. Чемпионлар лигасининг гуруҳ ёки плей-офф босқичида иштирок этиш ҳар бир футболчининг орзуси. Жумладан, менинг ҳам. Ушбу сўзлар рўёбга чиқади деган умиддаман.

— Жамоадошларингизнинг кўпчилиги Мадридга бормагани ҳайрон қоларли ҳолат. Бунинг сабаби нимада?
— Бу ҳар кимнинг хоҳиши. Мадридга боришни таклиф қилишганида шахсан мен мутлақо иккаланмадим. Оғир машғулотлардан кейин айрим йигитлар дам олишга қарор қилган бўлишлари мумкин.

— Сўнгги кунлардаги машғулотларда оғир юкламалар бериляпти демаган бўлардим. Боиси, бир кунда битта машғулот — одатдаги иш.
— Бир томондан, ҳа. Шунингдек, ҳозир футболчиларга оғир юклама беришдан маъно йўқ деб ўйлайман.

— Сўнгги назорат ўйинида сиз 30 метрдан зарба йўллаб, жуда чиройли гол муаллифига айландингиз. Бундай зарбангиз борлигини билмагандик!
— Узоқдан зарба йўллашни яхши кўраман. Лекин чемпионат ўйинларида ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди. Ҳаттоки ўйиндан кейин Хиддинк ҳам мени табриклади ва нима учун бундай голдан кейин хурсандчиликка берилмаганимни сўради. Бу "айб"имни чемпионат баҳсида тўғрилашга ваъда бердим. Назорат баҳсида ҳиссиётга берилиш шарт эмас.

— "Анжи"да сиз тўп сурадиган жойда рақобат кучли. Биргина Диарранинг ўзи қандай кучга эга! Ўзингизда мотивацияни қандай уйғотасиз?
— Асосий таркибда ўйнаш — энг яхши мотивация. Айнан шунинг учун машғулотда тер тўкиб ишлайман. Ишончим комил, ҳаммаси яхши бўлади.

— Кристофер Самбанинг "КПР"га ўтиб кетгани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Бунга сизнинг муносабатингиз?
— Бундан жаҳлим чиқди. Вазиятнинг бундай ўзгаришини кутмагандик. У асосий таркиб ўйинчиси эди, унга жуда катта умид қилаётгандик.

— Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида суҳбатлашиш сиз учун ёқимли бўлса керак. Сиз терма жамоада етакчисиз ва жамоангиз ЖЧ-2014 йўлланмасига даъвогарлик қиляпти...
— Ҳа, терма жамоанинг саралаш босқичидаги ишлари ёмон кетмаяпти. Қолган 3та ўйиндан уйдаги 2тасида ғалаба қозонсак, ЖЧнинг финал босқичига чиқамиз. Ливан ва Қатарни мағлуб этишимиз керак. Бу қўлимиздан келишига ишонаман. Бутун мамлакат бу ўйинларни интизорлик билан кутяпти. Авваллари Ўзбекистон жиддий натижаларга даъвогарлик қила олмасди. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Бизда бундай имконият мавжуд. Ундан унумли фойдаланишимиз керак.

— Тушунаман, сиз камтарсиз, аммо тан олинг, мамлакатда машҳур инсонсиз...
— Ҳа, Ватанимга қайтганимда, кўплаб интервьюлар бераман. Барча биз учун жон куйдирмоқда.

— Тошкентга ҳар сафар борганингизда совғалар билан боришингизни биламан...
— Бу анъанага айланиб қолди. Сўнгги пайтларда кўпчилик Россиядан футболкалар олиб келишимни сўрамоқда. Илтимосларни рад қилишни ёқтирмайман. Шунинг учун ўзимнинг фамилиям ёзилган ва бошқа футболчиларнинг футболкаларини сотиб оламан ҳамда уйга олиб бораман. Танишлар, қариндошлар "Анжи" футболкасини кийиб юришибди. Бу менга қийин эмас.

— Қанча футболка олиб боргансиз?
— Уч юздан ортиқ.

— Оилангиз каттами?
— Турмуш ўртоғим ва икки ўғлим. Улар ҳозирда Тошкентда. Мавсум бошланиши билан улар Москвага кўчиб келишади. Катта ўғлим икки ярим ёшда, ҳозир тўп ўйнамоқда. Агар футболчи бўлиб етишса, бундан хурсанд бўлардим.

Манба: www.sportbox.ru
Киритилди: 22:51, 31.01.2013.
Ўқилди: 6526 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.