Кириш Регистрация

Европада ҳафтанинг асосий трансферлари

Баҳо:
+ | -

Европада қишки трансфер ойнаси тез орада ёпилади. Бироқ, клублар бозорда ишлашни тўхтатмаяпти. Ўтган ҳафтада бир нечта қизиқарли ўтишлар бўлди. Биз асосий трансферлар ҳақида гапирамиз.

Шералдо Беккер: “Унион Берлин” → “Реал Сосьедад” (3 миллион евро)

“Реал Сосьедад” “Унион” етакчиларидан бири билан ҳужум чизиғини кучайтирди. Басклар Шералдо Беккерни атиги 3 миллион еврога олди. Суринамлик 2019 йилдан бери “Унион” таркибида ўйнаб келмоқда. Жорий мавсумда форвард берлинликлар сафида барча турнирларда 18та ўйин ўтказиб, 3та гол ва иккита голли узатмага муаллифлик қилган. Беккер “Соседад”да 11-рақамни эгаллади. Форвард Примеранинг “Сельта” билан ўйинида (1:0) дебют қилиши мумкин эди, аммо захирада қолди. Эслатиб ўтамиз.

Ҳамид Траоре: "Борнмут" → "Наполи" (ижара)

"Наполи"дан яна бир шартнома. Ярим ҳимоячи Ҳамид Траоре Англиянинг "Борнмут" клубидан ижарага олинган. У Неаполга олти ойлик ижара асосида кўчиб ўтди. Бу муддатдан кейин “Наполи” футболчини 25 миллион еврога сотиб олиш имкониятига эга. Аввал Траоре Италиянинг “Эмполи” ва “Сассуоло” клубларида тўп тепган эди. У иккинчи жамоасини 2023 йил январида тарк этди: аввалига ижарага, кейин эса уни 25,6 миллион еврога “Борнмут” тўлиқ сотиб олди. Бу мавсумда Ҳамид “гилослар” сафида барча турнирларда олтита ўйин ўтказди ва битта гол урди.

Валентин Барко: "Бока Хуниорс" → "Брайтон" (9,15 миллион евро)

Яна бир ёш иқтидор “Брайтон”га келди. Бу сафар “чайкалар” чап қанот ҳимоячиси Валентин Баркони “Бока”дан олиб келишди. Трансфер суммаси 9 миллион евродан сал кўпроқни ташкил қилди. Футболчи билан шартнома 2028 йилнинг июнига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда Барко “Бока Хуниорс” сафида барча мусобақаларда 29 та ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 4 та голли узатмани амалга оширди. Чап қанот ҳимоячиси учун ёмон эмас. Келинг, “Брайтон” Барконинг истеъдодини қандай ривожлантиришини кўрамиз.

Серхио Регилон: "Тоттенхэм" → “Брентфорд” (ижара)

Регилон мавсумнинг биринчи қисмини “Манчестер Юнайтед”да ўтказди. Клублар ўртасидаги келишув январь ойи бошида бекор қилинганди. Серхио "қизил иблислар" сафида барча турнирларда 12 та ўйинда қатнашди. Ва энди у “Брентфорд”га кетди. Ижара шартномасида 27 ёшли испаниялик футболчини сотиб олиш варианти кўзда тутилмаган, шунинг учун Регилон май ойи охирида "Тоттенхэм"га қайтади. Эслатиб ўтамиз, Серхионинг “шпорлар” билан шартномаси 2025 йилнинг июнигача амал қилади.

Иван Перишич: "Тоттенхэм" → “Хайдук” (ижара)

21 асрнинг энг яхши хорватиялик футболчиларидан бири фаолиятини якунлаш арафасида. "Тоттенхэм"га тегишли 34 ёшли Перишич мавсум бошида бўғимидан жароҳат олди. Энди у майдонга қайтишга яқин турибди, лекин "шпорлар"да эмас, балки "Хайдук"да ўйнайди. Иван шартномани яна 12 ойга узайтириш имконияти билан Хорватияга ижара асосида кўчиб ўтди. Хайдук - Перишичнинг уй клуби, аммо катталар даражасида у бирорта ҳам ўйин ўтказмади, чунки
17 ёшида Иван Франциянинг "Сошо" клубига ўтди.

Жордан Хендерсон: "Ал-Иттифоқ" → "Аякс" (эркин агент)

Хендерсон Саудия Арабистонига 2023 йилнинг ёзида кўчиб ўтди. Аммо Яқин Шарқда олти ой бўлганидан сўнг, инглиз бошқа турмуш тарзига ўрганмаган эди. Жордан ўйнаган “Ал-Иттифоқ”да эса юлдузлар етарли эмас, “Энфилд”га нисбатан трибунадаги мухлислар сони эса бутунлай бошқа ҳолатда. Шундай қилиб, Хендерсон Европага қайтишга мажбур бўлди. "Ливерпул"нинг собиқ сардори "Аякс" билан 2026 йилнинг 30 июнига қадар амал қиладиган шартнома имзолади.

Қизиғи шундаки, “Ал-Иттифоқ” Хендерсон клубда ўйнаган олти ой давомида унга пул тўламаган: томонлар тўловни кечиктиришга келишиб олишган (шартномага кўра, инглиз футболчиси ҳафтасига 400 минг евро олган). Хендерсон Буюк Британияга келиб, "Ал-Иттифоқ"даги маошидан солиқ тўламасдан Англия терма жамоасида ўйнаши учун шундай қилди. Ва энди, эҳтимол, у умуман пул олмайди. Бундан ташқари, Жордан "Аякс" билан муайян шартларга эришгани учун "Ал-Иттифоқ"га бонуслар тўлайди.

Гонсалу Гедеш: "Вулверхэмптон" → "Вильярреал" (ижара)

Истеъдодли португалияликнинг фаолияти тўхтаб қолган. Мавсумнинг биринчи қисмида у "Бенфика"да ижара асосида ўйнади ва 14 учрашувда атиги 2 та голли узатмани амалга оширди. Эндиликда "Вулверхэмптон"га тегишли бўлган Гедеш "Вильярреал"да 2024 йилнинг июнига қадар ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, Гонсалунинг "бўрилар" билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг июнигача амал қилади.

Киритилди: 14:50, 23.01.2024.
Ўқилди: 5488 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.