Бугун "Эл Голасо" футбол академияси мажлислар залида "Металлург" ПФКнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда клуб раҳбарияти, жамоалар, академия, стадион маъмурияти, барча тизим раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этишди.
Клуб бош директори Шавкат Саидов бир кун муқаддам ЎФАда бўлиб ўтган йиғилишда кўтарилган масалалар юзасидан маълумот бераркан, клублар фаолияти, инфратузилмаси ҳамда молиявий ҳисоботлари бўйича йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар жиддий танқид остига олинганлигини эътироф этди.
ЎФА йиғилишидан келиб чиққан ҳолда "Металлург" футбол клубида ҳам барча тизимлар ўз ишларига янада масъулият билан ёндошишлари, қонун устуворлигига қатъий амал қилиш, шаффофлик, тўғрилик ҳамда ҳалолликка риоя этиб, тартиб-интизом, назоратнинг кучайтирилиши зарурлиги уқтирилди.
Футбол клуби тизимидаги барча йўналишлар – асосий таркиб, ўринбосарлар, ёшлар жамоалари, академия, аёллар футболи, футзал йўналиши олдига қўйилган талаблар таҳлил этиб берилди. ЎФА томонидан келишилган ўйинларга қарши кескин ва аёвсиз кураш давом эттирилиши маълум қилиниб, "Металлург" футбол клубида ҳам бу масалаларга жиддий ёндошиш зарурлиги таъкидланди.
Ортда қолган мавсум якунлари бўйича йўл қўйилган камчиликлар, нуқсонлар жиддий танқид қилинди. Ҳисоботчилар бўлими, кадрлар бўлими, маркетинг бўлими, ҳамда жамоа админстраторлари жиддий огоҳлантирилди.
Йиғилиш сўнгида клуб тизимидаги барча жамоа мураббийларига ёш, иқтидорли футболчиларга янада кўпроқ эътибор қаратиш, ўйин амалиёти билан доимий таъминлаш, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларига муносиб кадрлар етказиб беришда жонбозлик кўрсатиш муҳимлиги айтилди.