"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола УЕФА президенти Александер Чефериннинг жамоанинг 2020 йилда деярли юз берган еврокубоклардан четлатилиши ҳақидаги сўзларига жавоб берди.
“УЕФА президенти адвокат сифатида кутиши керак. У буни ҳурмат қилиши ва кутиши керак холос. Унинг УЕФАда қиладиган ишлари кўп. Адвокатлар суд жараёнини ҳурмат қилишлари керак. Ўзимизни ҳимоя қилишга ҳаққимиз бор", - деди Гвардиола.
2019 йилда УЕФА молиявий фейр-плейни бузгани учун "Манчестер Сити"ни икки йилга еврокубоклардан четлатган ва клубга 30 миллион евро миқдорида жарима солганди.
Спорт арбитраж суди (CAS) клубнинг апелляциясини қаноатлантирди ва у Чемпионлар лигасидаги курашни давом эттирди.
Куни кеча Чеферин бу вазият ҳақида гапирди: “Биз ҳақ эканимизни биламиз. Агар биз ўзимизни тўғри деб ўйламаганимизда бу қарорни қабул қилмаган бўлардик. Мен 25 йил давомида судда адвокат бўлиб ишладим ва биламанки, баъзида сиз ютқазишингиз кераклигини билган ишни ютиб оласиз, баъзан эса йўқ. Сиз шунчаки жиддий демократияда суд қарорини ҳурмат қилишингиз керак”.
Шу билан бирга, УЕФА раҳбари агар клуб Премьер-лига томонидан маҳаллий молиявий қоидаларни бузганликда айбдор деб топилса, "Сити"ни чемпионлик унвонидан маҳрум қилиш керакми, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.