Осиё кубоги-2015 саралаш баҳсларининг «Е» гуруҳида Ўзбекистон миллий терма жамоасига рақиблик қиладиган БАА миллий терма жамоаси бош мураббийи Маҳди Али ОК-2015 саралаши 1-турида Вьетнам терма жамоаси мағлубиятга учратилгач, ўз жамоасининг ҳозирги мавқеи ҳамда ўрни ҳақида сўз юритди.
БАА терма жамоаси яқиндагина Форс Кўрфази-2013 мусобақаси ғолиблигини қўлга киритган эди. ОК-2015 саралаш 1-турида Вьетнам терма жамоаси мағлубиятга учратилгач эса, БАА миллий терма жамоасининг мағлубиятсиз ўйинлари серияси 12 ўйинга етди.
«Биз мазкур ғалабадан жуда ҳурсандмиз. Бу ғалаба айни пайтда биз жуда тўғри йўлдан кетаётганимизни, бир тан-у, бир жон бўлиб эзгу мақсад йўлида ҳаракатланаётганимизни англатади», - дейди Маҳди Али.
«Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз бир оиламиз. Мақсадимиз, орзуимиз бир. Ғалабаларда ҳам, мағлубиятларда ҳам доимо биргамиз. Асосийси эса, бизни мақсад сари бирлаштирувчи омил ҳам бир. Ҳар бир футболчи ва мураббий терма жамоасига фойда келтиришни хоҳлайди», дея қўшимча қилди Маҳди Али
БАА терма жамоаси Осиё Кубогининг сўнги саралаш босқичларида муваффақиятсиз иштирок этиб келишаяпти. Амирликларнинг Осиё Кубокларидаги энг яхши кўрсаткичи эса, 1996 йилги мусобақадаги 2-ўрин бўлиб қолмоқда. Ўшанба мусобақага мезбонлик қилган БАА терма жамоаси финалда пенальтилар сериясида Саудия Арабистони терма жамоасига мағлубиятга учраган эди. 2015 йилда Австралия мезбонлик қиладиган Осиё Кубоги финал босқичига йўлланмани қўлга киритиш, айни дамда Маҳди Али жамоаси олдида турган энг асосий вазифалардан биридир.
«Осиё кубоги саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиш ва финал босқичига йўлланма олиш, терма жамоамиз олдида турган энг асосий вазифалардан биридир. Биз бу йўлланмани саралаш босқичи якунида эмас, тезроқ қўлга киритишни истаймиз», - дейди БАА терма жамоаси бош мураббийи Маҳди Али.
Эслатиб ўтамиз, БАА терма жамоаси ОК-2015 саралаш босқичидаги навбатдаги учрашувини ўз майдонида Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўтказади. Мазкур ўйин 22 март куни Абу Дабидаги «Шайх Муҳаммад бин Зайд» стадионида бўлиб ўтади. Ҳудди шу куни, гуруҳнинг иккинчи учрашувида Гонконг терма жамоаси ўз уйида Вьетнам терма жамоасини қабул қилади.