ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича махсус инспекция саъй-ҳаракатлари билан сўнгги вақтларда келишилган ўйинларда иштирок этаётган бир қатор мутахассис ва футбол ҳакамлари аниқланиб, кейинчалик мазкур иш ЎФА Этика қўмитасига оширилмоқда.
Лига Ассоциациянинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва келгусида ҳам ёлғон футболга қарши кураш давом этишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканлигини маълум қилади. Шунингдек, бу каби ҳолатларда жазо чоралари асосан шахсларга нисбатан қўлланилиб, футбол клублари жарима интизом чораси билангина юзлашаётганига қарши кураш олиб боради. Яъни, футбол клубига нисбатан янада қатъийроқ жазо чораси қўлланилиши масаласини кун тартибига киритади.
Мусобақалар ўтказиш регламентида ҳар бир клуб ўз ишчи-ҳодимларининг хулқ-атвори учун бевосита жавобгар экани кўрсатилган. Шундан келиб чиқилса, мазкур клубда фаолият олиб бораётган ҳар қандай шахснинг келишилган ўйинлар масаласидаги иштироки учун бевосита футбол клуби жавобгар сифатида белгиланиши шарт. Шу принсипдан келиб чиқиб, келгусидаги ҳар қандай шубҳали ҳолат ўз тасдиғини топса, унинг иштирокчиси бўлган футбол клуби ўрганилган ишлар кўламидан келиб чиқиб маълум очколардан маҳрум қилиниши ёки бу каби ишларни қайта амалга оширгани учун мусобақадан четлаштирилишини сўраб қўмитага даъво киритилади.