"Барселона" бош мураббийи Хави жорий мавсум якунида жамоани тарк этганидан кейин яна Каталония клубига қайтиши мумкинми деган саволга жавоб берди.
"Мен қайтишни истисно қилмайман. Қанча керак бўлса, "Барселона" билан бирга бўламан, лекин ҳозир мен уларга керак эмасман деб ўйлайман. Мен ҳаммасини аллақачон ҳал қилганман", - деди Хави Mundo Deportivo билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, Хави "Вильярреал"га қарши Испания чемпионати 22-туридаги сўнгги ўйиндан сўнг (3:5) "кўк-анорранглилар"ни тарк этиш қарорини маълум қилганди. Ушбу ўйиндан сўнг испаниялик мутахассис "Барселона"га ривожланиш векторини ўзгартириш зарурлигини айтди.
Хави "Барселона"ни 2021 йилнинг 6 ноябридан бериб бошқариб келмоқда. Бу вақт ичида 44 ёшли мутахассис каталонияликлар билан иккита соврин – Испания чемпионати ва Испания Суперкубоги (иккаласи ҳам 2022/2023 йилги мавсумда) соҳиби бўлди.