Денис Истомин россиялик шериги Михаил Ельгин билан биргаликда «SAP Open» мусобақасининг ярим финалида австралиялик рақибларига ютқазиб қўйишди.
Ўйин ўта муросасиз кечди. Биринчи бўлим тақдири тай-брекда ҳал бўлди. Унда омад Истомин/Ельгин жуфтлигага кулиб боқди - 9:7.
Иккинчи сет давомида аввал австралияликлар, кейин эса Истомин жамоаси рақибнинг тўп оширишида очколарни ютиб олди. Натижада бу сет тақдири ҳам тай-брекда ҳал бўладиган бўлди. Унда Хьюитт/Матошевич жуфтлиги бу сетни ўз фойдасига ҳал қилди — 7:2.
Қоидага кўра, жуфтликлар мусобақасида учинчи сет тай-брек услубида ўтказилади. Рақиблар сет бошиданоқ 10гача ўйнашади ва ғолибни аниқлашади. Рақибларига нисбатан кўпроқ куч сақлаб қолган австралияликлар 10:5 ҳисобида ғалаба қозонишди. Истомин бу ўйиндан аввал канадалик Раоничга қарши чорак финал ўйинини ўтказганини ҳам таъкидлаш лозим.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси «SAP Open» мусобақасининг яккалигида чорак финалгача, жуфтликда эса ярим финалгача етиб борди.