Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати 2013 йилги Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги ўйинлари учун оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёнини бошланганини эълон қилади.
2013 йилги Ўзбекистон Чемпионати баҳслари 2 март, шанба куни старт олса, Ўзбекистон Кубогининг дастлабки, саралаш босқичи ўйинлари 24 март, якшанба куни ўтказилади. 2013 йилги мавсумнинг биринчи ярми тўлиқ тақвими билан бу ерда танишиш мумкин.
Ўзбекистон Чемпионати ва Кубоги баҳсларини стадиондан туриб ёритишни мақсад қилган ОАВ ходимлари 2013 йилнинг 18-27 февраль саналари оралиғида аккредитация заявкасини ЎзПФЛ матбуот хизмати электрон почтасига (media@the-uff.com) ёки факс орқали (+99871) 244-16-83 телефон рақамига жўнатишлари керак. Аккредитация заявкаси намунаси ва талаблари билан ЎзПФЛ расмий сайтининг «Ҳужжатлар» бўлимидаги «Аккредитациядан ўтказиш тартиби» файлини кўчириб олиш орқали танишиш мумкин.
Маълумот ўрнида, 2013 йилдан ЎзПФЛ Матбуот хизмати томонидан «Аккредитациядан ўтказиш тартиби» ишлаб чиқилган бўлиб, унда журналистларга аккредитация беришда улар ишлайдиган ОАВнинг муҳимлик даражалари белгилаб чиқилган. Жумладан, Ўзбекистон қонунчилигига асосан рўйхатдан ўтган ва кундалик ташриф буюрувчилари сони 5000дан ортиқ бўлган спортга ихтисослашган интернет-нашрларининг муҳимлик даражаси нисбатан юқори ҳисобланади.