Ўтган ҳафта якунида легионерларимиз ўз клублари сафида иштирок этди. Туркия Суперлигаси 26-тур доирасидан ўрин олган “Ҳатайспор” ҳамда “Сивасспор” жамоалари ўртасидаги учрашувда дуранг қайд этилди. Ҳамюртимиз Азиз Турғунбоев меҳмонлар сафида 84 дақиқа ўйнади.
“Ризеспор” жамоаси ўз уйида “Фенербаҳче” жамоасини қабул қилиб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳамюртимиз Ҳусниддин Алиқулов заҳирада қолдирилди.
Азизбек Амонов ҳамда Абдулла Абдуллаев БАА Президент кубоги 1/8 финал босқичи доирасидаги “Ан-Насср” ва “Ҳор Факкан” ўйинини асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилишди. Афсуски, учрашувнинг сўнгги дақиқаларидаги гол мезбонларнинг ғалабасини таъминлади.
“Ордабаси” ва “Елимай” жамоалари ўртасидаги баҳсда йирик ҳисоб қайд этилди. Жасурбек Яхшибоев учинчи голда ўз номига ассист ёздириб қўйган ўртоқлик учрашувида, унинг жамоаси 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
“Шабоб ал-Аҳли” Президент кубоги доирасида “Банияз”га қарши баҳс олиб борди. Учрашувда тўлиқ ҳаракат қилган Азиз Ғаниев жамоаси ғалабасига ҳисса қўшди.
Абдуқодир Ҳусанов “Реймс”га қарши беллашувни бошланғич таркибда бошлади. Учрашувнинг 19-дақиқасида огоҳлантирилган ҳимоячи, ҳисобидаги сариқ карточкалар сони ошиб кетгани сабабли кейинги турни ўтказиб юборади. Ушбу учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.
“Ал-Айн” жамоасига қарши баҳсда тўлиқ ҳаракат қилган Ҳожимат Эркинов жамоасига ёрдам бера олмади. Президент кубоги доирасидаги ушбу учрашувда “Ал-Ваҳда” жамоаси 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради.