Бугунги матбуот анжуманида «Насаф» жамоаси бош мураббийи қизиқ бир фикр билдириб ўтди. Мана шу фикр жамоадаги ёш ўйинчиларнинг келажаги ва жамоага нима учун легионерлар таклиф этилмагани тўғрисидаги саволга берилган жавобларнинг бир қисмида билидириб ўтилди.
«Биз ёшларга нима учун жамоамизда кўпроқ ўрин ажратаяпмиз, чунки бизда келажаги порлоқ ёшлар тўп суришмоқда. Агар биз бугун уларга имкон бермай фақат легионерларни катта пулга харид қилиб, натижа учун курашаверсак, ўзимизни ёшлар нима бўлади?»
«Бир мисол келтираман, жамоамизда айнан Шоҳруҳ Гадоев кўзга кўрина бошлаганда, латвиялик легионеримиз Переплёткинс «тўнини тескари кийиб олди», футбол ўйнаш ўрнига бизнинг олдимизга шартлар қўя бошлади. Уларнинг олаётган иш ҳақи ўртасида осмон билан ерча фарқ бор эди. Ундан ташқари бир сирни очмоқчиман, агар Шоҳруҳни асосий таркибга олмаганимизда у хорижга ишлашга кетиб қолмоқчи эди. Албатта уни асосий таркибда ўйнатдик ва у ўзининг қобилиятини намойиш этди. Мана у энди миллий терма жамоамиз сафида ҳам ўйнаяпти, яна такрор айтаман бунақа келажаги порлоқ ёшлар бизда кўп», дея Рўзиқул Бердиевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Voha.Uz» интернет-нашри.