Осиё чемпионлар лигасининг 1-туридан ўрин олган «Санфречче Хиросима» – «Бунёдкор» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида иштирок этган мезбонлар устози Хажиме Мориясу ўйин борасида гапириб ўтди.
- “Бунёдкор” учрашувнинг бошиданоқ фаол ўйнай бошлади: жуда тартибли ҳимояланди, ишончли тарзда ҳужумга ўтди. Бу эса бизнинг ўйинга қўллаган режаларимизни ўзгартириб юборди. Ўйин тизгинини ўз қўлимизга олишга уриндик, афсуски буни уддалай олмадик. Танаффус арафасида эса ҳимоядаги эътиборсизлик оқибатида дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. Умид қиламанки, футболчиларимиз навбатдаги ўйинларда бу каби хатоларга йўл қўйишмайди. Ҳа, бугун биз ғалабани бой бердик. Лекин кейинги ўйинларга яхши хозирланиб, вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз, - дейди Хажиме Мориясу.
- Ўтган ўйин билан солиштирганда бугун кўп футболчиларни алмаштирдингиз. Бунинг сабаби нимада?
- Тайёргарлик даврида қўл остимда бўлган барча футболчиларни диққат билан кузатиб чиққанман. Захирадан майдонга тушганлар “Санфречче Хиросима” клуби либосини кийишга лойиқ бўлганлар ҳисобланишади. Афсуски, бугун бажаришимиз лозим бўлган режаларимизни амалга ошира олмадик.
- Захирадан майдонга тушганларни шарҳлаб ўтсангиз: нега айнан бу ўйинчиларни туширдингиз?
- Биз ютқазаётгандик, шу боисдан ҳам ўйинни кучайтиришимиз ва рақиб тактикасини бузишимиз лозим эди.
- Учрашувгача ўрганиб чиққан “Бунёдкор” аслида қандай бўлиб чиқди?
- Жудаям аҳил ва иноқ бўлган жамоа. Рақиб таркибида ўз ишининг мохир усталари бор. Мана бугун уларнинг ҳар бири майдонда ўзига юклатилган вазифани бажарди.
- Бугунги мағлубият жамоангизни “Жей” лигадаги ҳолатига таъсир ўтказадими?
- Чемпионлар лигаси бу – Чемпионлар лигаси, ички чемпионат эса – ички чемпионат! Бир-бири билан кесишмайдиган икки хил турнир. Бугундан бошланган қора кун билан яшаб туришга мажбурмиз. Ўйлайманки, Япония чемпионати учрашувларида бугунги мағлубият асоратлари қолмайди.