"Бунёдкор" ва "Сўғдиёна" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг илк қисмида меҳмонлар бош мураббийи Даврон Файзиев иштирок этди.
— "Бунёдкор" жамоасини ғалаба билан табриклайман. "Бунёдкор" бугунги ўйинда яққол фаворит ҳисобланарди, — дейди жиззахликлар бош мураббийи Даврон Файзиев. — Ҳакамларнинг ўйин бошида чиқарган кескин қарори жамоамизни руҳий жиҳатдан синдириб қўйди. Ҳакамларга баҳо бермайман, аммо уларга эътирозим бор. Биринчи пенальти вазиятида бизнинг ўйинчи атайлаб тўпни қўл билан ўйнаганди. Дарвозабонимиз тўпни уриб юборганидан кейин тўп бехосдан футболчимизнинг қўлига тегди. Биринчи пенальтида ҳимоячимизни майдондан четлатган ҳакам, негадир иккинчи вазиятда ҳаттоки сариқ карточка ҳам бермагани ҳайрон қоларли ҳолат. Қолган ўйинларга яхшироқ тайёргарлик кўришда давом этамиз. Энг асосийси, фтуболчилар бугунги ўйиндан кейин руҳий тушкинликка тушиб қолишмаса бўлгани. Уларни бу ҳолатдан чиқариш биз мураббийларнинг иши ҳисобланади".
— Воқеаларнинг бундай ривожига, ўн киши бўлиб ҳам ҳимояланишга жамоа тайёрмиди?
— Биз ўн киши бўлиб ҳимояланишга тайёр эдик. Аммо ўйин бошидаги руҳий зарба футболчиларга ўз таъсирини кўрсатди. Шунингдек, бугун ҳимояда ўзим хоҳлаган футболчиларнинг хизматидан фойдалана олмадим. "Насаф"га қарши назорат ўйинида уч нафар ҳимоячимиз жароҳат олишганди.
— Мавсум давомида қанча очко жамғаришни режалаштиряпсиз?
— Қанча очко кўп бўлса, шунча яхши. Мен келажак билан эмас, бугун билан яшайман. Энди бор эътиборни 2-тур ўйинига қаратамиз. "Сўғдиёна" олий лигага чиқиш ва тушиб кетиш бўйича чемпион ҳисобланади. Ушбу анъанани йўққа чиқаришимиз керак. Ушбу мавсумдаги қандай бўлмасин жамоани Олий лигада қолишимиз керак. Ушбу вазифани уддаласак, кейинчалик босқичма-босқич жамоани кучайтириб борамиз.
— Жамоа таркибини ёш футболчилар ташкил қилади. Селекция ишларидан кўнглингиз тўлдими?
— Раҳбарият имконият даражасида бизга бу борада ҳам шароит яратиб беришди. Бизнинг вилоят қолган вилоятларга қараганда юқори имкониятларга эга эмас. Асосий ҳомийимиз вилоят ҳокимлиги ҳисобланади. Кучли футболчиларни таркибда жалб қилиш имкониятига эга эмасмиз. Бу йил авваллари олий лигада ўйнаган 5-6 футболчини таклиф қилдик. Улардан бугун 3 нафари ўйнади. Қилаётган меҳнатларимиз ўз мевасини бериши керак. Бунинг учун биздан озроқ сабр талаб этилади. Бугун бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлишимизни кутмагандим. Мураббий сифатида Олий лигадаги илк ўйинимда бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлиш менга ҳам оғир.
— "Сўғдиёна" қачон ўз стадионида ўйинларни ўтказади?
— Жиззахдаги стадион ҳар томонлама тайёр. Стадион чими аъло даражада. Фақат хавфсизлик нуқтаи назаридан стадион талабга жавоб бермайди. Шу кунларда Федерация ходимлари стадионимизни назоратдан ўтказишлари лозим. Шундан сўнг рухсат беришса, ўйинларни ўз стадионимизда ўтказамиз.