«Олд Траффорд»да кечган учрашув ҳақида биргина якун қолди, холос: ҳакам ўйинни бузди...
Учрашувнинг дастлабки қисмида иккала жамоа ҳам эҳтиёткорроқ футбол намойиш этишди. «МЮ»нинг биринчи вазифаси тўп олиб чиқмаслик бўлгани учун, «Реал» меҳмонда ўйнаётгани учунми хуллас 20-дақиқагача шу ҳолат кўзга ташланиб турди. Кейинги вазиятларда эса «МЮ»устунлиги сезила бошлади.
Алекс Фергюсон ўйин бошидан негадир Рунини туширишни истамади. Бизнингча у икки бўлимда кучайиг имкони кўпроқ бўлишини кутганди. Бироқ биринчи бўлим сўнгги қисмида бўлган кўплаб вазиятларда айнан Рунининг йўқлиги сезилиб қолди.
Ван Перси жуда яхши футболчи. У ҳар бир учрашувда гол уриши мумкин, Уэлбек ҳам ҳали босим тўлиқлигича кўринмаган учрашувда гол киритиши, вазиятлар яратиши мумкин. Бироқ энг керакли ва муҳим учрашувларда Рунининг классдаги фарқи билиниб қоларди. Жамоадаги қутқарувчи ролини бажариш кўпроқ унга мос келарди. Ван Перси мухлислари маъзур тутишсин, бироқ даража ва савия борасида Руни бу кеча энг керакли футболчи эди. Тўғри иккинчи бўлимда у майдонга чиқиб ҳам ўйинда бурилиш ясаши мумкин эди. Фергюсон бу томондан ҳақ бўлиб чиқиш имконияти ҳам юқори эди. Бироқ 56-дақиқага келиб ўйинда бутунлай бошқача бурилиш содир бўлиб улгурганди.
Дарвоқе, ўша қизил карточка ҳақида Нанининг Арбелоага берган зарбаси қайсидир маънода 2010 йилги Жаҳон чемпионати финалини ёдга солиб юборди. Ўшанда Голландия терма жамоаси яримҳимоячиси Найжел Де Йонг Хаби Алонсонинг кўкрагига тўғридан-тўғри зарба берган, учрашув ҳаками Ховард Уэбб сариқ карточка билан кифояланганди. Ҳеч ким ўшанда Уэббни оқламаган, чунки яққол кўриниб турган қизил карточка берилмаганди. Бироқ шу билан бирга ўйин темпи бузилмай ҳам қолганди. Нанининг вазияти эса Де Йонгникидан анча юмшоқ, аниқроқ айтадиган бўлсак, Нани тўғридан-тўғри кўкракка зарба бермаганди.
Футбол эҳтиросларга бой ўйин. Уни бошқариб турган ҳакам ҳам буни инобатга олиши керак. Балки қоида бўйича эртага Нани ноҳақ ҳам бўлиб чиқар, лекин бу даражадаги ўйинни қиил карточка билан бузиш ҳам оқланишига ишонмайман...
Ўйин борасида шарҳ бериш шарт эмас бизнингча, ҳамма кўрди. «Реал» чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. «МЮ» эса Англия чемпионатига эътиборини қаратишига тўғри келади.
ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИ
1/8 финал
Жавоб учрашувлари
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (Англия) – РЕАЛ МАДРИД (Испания) 1:2 (0:0)
Голлар: Рамос (48, автогол) – Модрич (66), Роналду (69).
Манчестер Юнайтед: Де Хеа, Рафаэл (Валенсия, 87), Рио Фердинанд, Видич, Эвра, Кэррик, Клеверли (Руни, 73), Нани, Уэлбек (Эшли Янг, 81), Гиггз, ван Перси.
Реал Мадрид: Диего Лопес, Арбелоа (Модрич, 59), Рамос, Варан, Коэнтрау, Хедира, Алонсо, Ди Мария (Кака, 45), Озил (Пепе, 71), Роналду, Игуаин.
Огоҳлантиришлар: Эвра (18), Арбелоа (38), Кэррик (72), Кака (73), Пепе (88).
Четлатиш: Нани (56, МЮ).
Дастлабки учрашув – 1:1.