Эрик тен Хаг мавсум охиригача "Манчестер Юнайтед"ни бошқаришда давом этади.
The Guardian нашрининг хабар беришича, сер Жим Рэтклифф айни дамда нидерландиялик мутахассиснинг ишидан мамнун.
Манкунианликлар Англия кубоги чорак финалида “Ливерпуль” устидан қозонилган ғалаба (4:3) жамоага бу мавсумда кубокни қўлга киритиш имкониятини қолдирди. Агар “Манчестер Юнайтед” ярим финалда “Ковентри”ни мағлуб этса, кетма-кет иккинчи кубок финалига чиқиши мумкин.
Клубнинг футбол фаолиятини назорат қилувчи сер Рэтклифф ва унинг асосий ёрдамчиси сер Дейв Брайлсфорд нуқтаи назаридан, келажаги борасида узоқ муддатли қарор қабул қилинишидан олдин бош мураббий мавсум охиригача ўз лавозимида қолиши керак.
Раҳбарият тен Хагни максимал даражада қўллаб-қувватламоқчи, у жамоа футболчилари билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда ва ёзги трансфер ойнасини режалаштиришда иштирок этади.
Тен Хагнинг "Манчестер Юнайтед" билан шартномаси 2025 йилгача мўлжалланган. Қайд этилишича, Рэтклифф агар шундай қарорга келса, унга ўринбосар мураббий топиш осон иш бўлмаслигидан хабардор.