Молиявий таҳлилчи Хост Саймоннинг фикрига кўра, агарда "Челси" АПЛ қоидаларини бузганликда айбли деб топилса, клубнинг жамғарган очколаридан катта қисми олиб ташланади. Тодд Боэли 2022 йилдан бери трансферлар учун 1 миллиард фунтдан ортиқ маблағ сарфлади. Шунга қарамай, клублар АПЛ фойда ва барқарорлик кодексига асосан, бир йилда 105 миллион фунтдан ортиқ зарар кўриши мумкин эмас. Айнан мана шу қоидани бузганлиги учун "Эвертон" ва "Форест" клубларидан очко тортиб олинди.
Келаётган ёзда клубнинг йирик маош эгалари бўлган Кепа ва Лукаку жамоадан кетади. Уларга Саудиядан таклифлар бор. Бу пул тежалишига олиб келиши кутилмоқда. Аммо Еврокубокларсиз қолиш, жамоанинг фойдасига жиддий таъсир кўрсатади. Шундай тақдирда Боэлининг ёзги режалари чипакка чиқади. "Челси" тез орада қиммат ҳужумчи харид қилишни кўзлаётган эди. Клубга қўлланиладиган жазо "Эвертон" ва "Форест"никидан анча кескин бўлади. Бу эса "Челси"ни АПЛда қолиш масаласини кун тартибига олиб келиши мумкин.
Эксперт бу борада шундай дейди: "Аллақачон "Челси"нинг молиясида ёпиш қийин бўлган туйнуклар пайдо бўлди. Бу туйнук 55 миллион фунтлик камомад билан бошланади. Гарчанд клуб 48 миллион фунт фойда кўрса ҳам, Еврокубокларсиз қолиш хавфи бўлажак киримларга зарар етказади. Шу сабаб 30 июнга қадар "Челси" ўзига кераксиз футболчиларни ҳар қандай нархларда сотиши керак. Агарда футболчилар сотувидан 200 миллион фунтга тенг фойда кўрилмаса, кейинги йилнинг шу пайтига қадар "Челси"ни АПЛнинг энг қуйи поғоналарида кўришга мажбур бўламиз".
Бу шуни англатадики, кўрилган ортиқча зарар ўрнини зудлик билан қоплаш керак. Акс ҳолда, АПЛ "Челси"дан очко тортиб олиши мумкин.
ИСМАТОВ Ж.