Италия «А» серияси 28-тури қаҳрамонлари қаторига қўшилган Элдор Шомуродов «Салернитана»га қарши кечган омадли ўйиндан сўнг нуфузли футбол манбаларидан бири corrieredellosport.it сайтига мўъжаз интервью берди.
Ҳамюртимиз унда «Кальяри» бош мураббийи Клаудио Раньерига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Sports.uz сайти эса италиялик журналистлар ва миллий жамоамиз сардори ўртасидаги суҳбат тафсилотларини ҳавола этди.
- Айтчи, «Кальяри»даги саргузаштларинг шу даражада оғир бошланишини ўйлаганмидинг?
- Йўқ, мавсум бошида кўпроқ ўйнашни кутгандим. Лекин асосий айб ўзимда, стартга тўлиқ тайёр эмасдим. Айниқса, жисмоний тарафдан. Чунончи, вақт камлигидан клубга етарли тайёргарликсиз келдим. Ўшанда спорт формасини тезда муаммосиз тиклаб олишни ўйлаганим рост. Аммо амалда ҳаммаси мен кутгандек ривожланмади.
- Қизиқ, айнан нима ўхшамади?
- Аслида жисмоний ҳолатим ўйин амалиёти жараёнида яхшиланишини ўйлагандим, аммо бошида майдонга бир неча марта тушдим, холос.
- «Салернитана» билан баҳсда эса бирдан нимадир ўзгарди...
- Умид қиламанки, бу бошланиши холос. Энди ҳозирга қадар бажарилмаган ишларни ўрнига қўйишим керак.
- Жароҳатдан кейин ҳаммасига қўл силтаб, январда жамоадан кетиш ҳақида ҳам ўйлагандирсан...
- Ишлар яхши кетмаётган паллада миянгизга турли фикрлар келиши тайин. Асосийси, ҳар қандай ўй-хаёлларни дарҳол яхши томонга буриш мақсадга мувофиқ. Жамоага оғир паллада ёрдам беролмаганим алам уйғотди. Муҳими, «Кальяри» директори ва бош мураббий билан гаплашганимда, улар ҳамма мени кутаётганини айтишди.
- Мана, яна чўққи сари интила бошладинг. Бунга Раньери сабабчими?
- Ҳа, бу ерда менга ҳаммадан кўпроғини айнан мураббий берди. Жамоамиз жуда аҳил, йигитлар ҳам ҳамиша ёнимда бўлишди. Раньери эса кайфиятимни кўтариш йўлини топа олди.
- Қандай қилиб?
- Мураббий бир гал олдига чорлади ва дарҳол баланд овозда гапирди: «Генуяда кучли эдинг, монстр эдинг. Сенга нима бўлганини тушанмаяпман. Энди ўша футболчини кўрмоқчиман...». Тушундимки, Раньери таъсир ўтказиш, иштиёқимни ошириш ва ўт олдиришни истади. У буни уддалади, ҳар ҳолда, гаплари юрагимга етиб борди, нишонга тегди.
- Спорт формангни тиклаш ва иштиёқни қайта қўзғаш учун етарли вақтга эга бўлдинг...
- Биринчи голни уришда анча қийналдим, ахир қарийб 1 йил давомида рақиблар дарвозасига йўл тополмагандим. Тўпни дарвоза ичида кўргач, голни қандай нишонлашни ҳам билмай қолдим. Иккинчи гол эса энг муҳимига айланди, зеро, рақиб ҳисобдаги фарқни минимал ҳолатга келтиргач, ғалаба қўлдан кетиши мумкинлигидан чўчиб тургандик. Хуллас, иккинчи гол нафақат ўзим, балки «Кальяри»га ҳам эркинлик берди.
- «Дубл»дан кейин қониқиш ҳисси туғилдими?
- Бахтиёрман, лекин менга етишмаётган нарсалар ҳали кўп. Олдинда бизни финалга тенг 10та ўйин кутиб турибди.
- Кейинги ўйинда сендан яна гол кутсак бўладими?
- Шундан умидворман. Гол ураманми ёки йўқ, жамоамга мусобақа жадвали қуйи қисмидан батамом чиқишда ёрдам беришни истайман.
- Келажак ҳақида гапиришга тайёрмисан?
- Ҳозир вақти эмас. Биринчи масала - «Кальяри»нинг қутқариш миссияси.
- «Женоа» ва «Кальяри»даги Шомуродов ўртасида қандай фарқ бор?
- Зиммамдаги барча ишларни аъло даражада уддалолмаётганимни билардим. Характеримни ўзгартириш устида ҳам алоҳида ишлашимга тўғри келди. Табиатан сокинман, лекин футболда талашмасанг, ҳеч нарсага эришолмас экансан. Энди борича курашишим шартлигини яхши биламан.
- Футбол персонажига айланишни истамайсан. Дейлик, сенда на татиуровкалар, на зирак ёки антиқа соч турмаги бор...
- Ҳа, оддий йигитман, оиламни яхши кўраман ва футболга иштиёқим баланд. Рафиқам ва икки фарзандим билан бахтиёр яшаяпман. Бир неча марта денгизга балиқ овлагани бордик, Ўзбекистонда эса асосан қўй гўшти истеъмол қиламиз.
- Ўзбекистон фуқароси уйдан олисда ўзини қандай ҳис қиляпти?
- Кальярида иқлим ёқимли, меҳмондўстлик жойида. Чиройли шаҳар. Албатта, уй, дўстлар, юртни соғинаман. Лекин бу ерда футбол савияси анча баланд, чемпионат ҳам кучли.
- Сени юртингда миллий қаҳрамонлардан бири сифатида қадрлашади. Буни ҳис қилиш қандай?
- Миллий жамоа либосида энг кўп гол урган футболчи сифатида тарихга кирдим. Фахрланадиган томони, илгари амаким ҳам мамлакат бош жамоаси либосида тўп сурган. Қисқаси, футболчилар оиласиданман ва бундан фахрланаман.
- Агар футболни танламаганингда...
- Йўқ, менда «Б» режаси бўлмаган. Футбол - болалик орзуси. Ҳаётда яна нима биландир шуғулланишим мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман...
***
Статистик маълумотларга кўра, Элдор Шомуродов «Салернитана»га қарши ўйинда соатига 34,68 километр тезликда ҳаракатланди. Ҳужумчимиз бу борада фақатгина «Лечче» вакили Понтус Альмквистдан ортда қолди. Эслатма, Элдор Шомуродов «А» серия 28-тури рамзий жамоасидан жой олганди.
«А» серия 28-турида энг юқори тезлик қайд этган футболчилар
Понтус Альмквист («Лечче», Швеция) - 35,46 километр/соат
Элдор Шомуродов («Кальяри», Ўзбекистон) - 34,68 километр/соат
Маркус Тюрам («Интер», Франция) - 34,58 километр/соат
***
Tuttomercato нашри «А» сериянинг рўза тутаётган футболчиларига эътибор қаратди. Кузатувларга кўра, энг кўп рўзадорга эга жамоалар - «Фрозиноне» ва «Лечче» (3 нафардан).
«А» серияда рўза тутаётган футболчилар
«Фрозиноне»: Волид Чеддира (Марокаш), Абду Ҳарруи (Нидерландия), Демба Сек (Сенегал)
«Лечче»: Муҳаммад Кааба (Франция), Латиф Рамадани (Албания), Ҳамза Рафия (Тунис)
«Наполи»: Амир Ррахмани (Косово), Ҳамид Траоре (Кот-д`Ивуар)
«Интер»: Ҳоқон Чалханоглу (Туркия)
«Милан»: Исмоил Бенносир (Жазоир)
«Рома»: Зеки Челик (Туркия)
«Эмполи»: Юсуф Малех (Марокаш)
«Кальяри»: Элдор Шомуродов (Ўзбекистон)
Италиялик журналистлар Элдордан «Салернитана» ҳимоячилари уни тўхтатиб қололмаганликлари, бироқ «Монца» билан учрашувда Рамазон рўзаси қандай таъсир этиши мумкинлиги ҳақида сўрашди. Ҳамюртимиз эса бунга чиройли жавоб берди: «Рўза сира тўсқинлик қилмайди, чунки вақти-вақти билан оч юриш, яъни қуёш кўтарилмасидан таомланиб, кун бўйи кучимни бошқаришга кўникиб улгурганман».