Европада ЕЧЛнинг муросасиз беллашувлари авжига чиққан кунларнинг бирида АПЛ доирасида бир учрашув бўлиб ўтди.
Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида (13-чи ва 18-чи) бораётган «Борнмут» - «Лутон» вивескаси мухлисларда кучли қизиқиш уйғотмаган бўлсада, ўйинда ҳатто халқаро ареналардаги энг нуфузли турнирнинг айрим учрашувларида кузатилмайдиган ўта ибратли воқеа бўлиб ўтди.
Мазкур баҳс декабрь ойида Борнмутда ўтказилган, лекин 59-дақиқада меҳмонлар сардори Том Лукьер йиқилиб тушганидан кейин тўхтатиб қўйилганди. Ўшанда 29 ёшли футболчининг юраги кутилмаганда тўхтаб қолган, шифохонадаги 5 кунлик муолажадан кейин ўзига келганди. Шу сабабли, 1:1 ҳисобидаги беллашув охирига етмай қолди. Аввалига жамоалар ўйиннинг қолган 30 дақиқасида ўйнаш билан якунлаб қўйишлари тахмин қилинганди. Лекин мутасаддилар кейинчалик тўлиқ такрорий учрашув ўтказишга қарор қилишган, ўша ўйин 13 март санасида бўлиб ўтди.
Лутон унчалик бадавлат шаҳар бўлмагани сабабли, Борнмутга бориб-келиш мухлислар учун осон бўлмаслигини тушуниш мумкин. Англияда жамоат транспортининг йўлкира ҳақи нисбатан қимматроқ эканлиги барчага маълум. Такрорий беллашувга келадиган лутонлик мухлисларнинг озчилик эканликларидан хабардор бўлган мезбон жамоа мухлислари меҳмонларга моддий ёрдам кўрсатишга қарор қилишди. Режага биноан, улар 4та автобус учун 1000 фунт ажратишни мўлжаллашганди. Тўпланган маблағ эса 2000дан кўпроқ бўлди. Мухлислар ортиқча маблағни юрак хасталикларини даволашга ихтисослашган шифохонага хайрия қилишди.
«Борнмут» клуби Том Локьернинг фотосуратини учрашув программкасига жойлади, лутонлик мухлислар эса сардорнинг портрети туширилган баннер билан трибунадан жой олдилар. Беллашув бошланиши арафасида саломатлигини тиклаш даврини ўтказаётган Локьер майдонга тушганида, икки жамоа футболчилари ва мухлислари мамнунлик билан кутиб олдилар. Том ва унинг ҳаётини сақлаб қолган «Борнмут» шифокорлари учрашуви айниқса, ўта ҳаяжонли бўлди. Ўйиннинг 59-дақиқасида эса (аввалги ўйинда фалокат юз берган дақиқа) икки жамоа мухлислари уларни гулдурос қарсаклар билан олқишлаб турдилар.
Такрорий беллашув ҳам қойилмақом тарзда ўтди. Элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган «Лутон» биринчи бўлимда майдон эгалари дарвозасига 3та жавобсиз гол уришга улгурди. Оқибатда, «Борнмут» футболчилари ўз мухлисларининг ҳуштакбозликлари жўрлигида танаффусга йўл олишди. Афтидан, фанатларнинг ҳақли эътирозлари мезбонларга сезиларли таъсир ўтказди шекилли, 2-бўлимда нақ 4та гол (ғалаба келтирувчи аниқ зарба 83-дақиқада йўлланди) билан жавоб қайтардилар. Умид қиламизки, такрорий ўйинда лутонлик футболчилар ва мухлислар орасида юрак хуружи ҳодисаси кузатилмади. Чунки жамоа 3та тўп устунлигини бой бергани сабабли, аутсайдерлар гуруҳидан кўтарила олмади.
«Борнмут» мухлислари томонидан кўрсатилган олийжаноблик эса муносиб мукофотини олди - футболдаги баъзан учраб турадиган ҳақиқат рўй бериб, беллашув майдон эгаларининг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етди.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Борнмут»нинг мазкур зафари АПЛ тарихида қайд этилган 5-суперкамбэк мақомида тарихдан жой олди. 3та тўп фарқи билан ортда қолаётган жамоанинг якунда майдонни ғолиб сифатида тарк этиши бундан аввал «Лидс», «Уимблдон», «МЮ» ва «Вулверхемптон»га насиб этган, охирги суперкамбэк 2003 йилда амалга оширилганди.
«Лутон» эса жон сақлаб қолиш учун курашни давом эттиради. Албатта, биз бу камтарин, лекин ўта томошабоп ўйин намойиш этаётган жамоа ўз фаолиятини элитада давом эттириши тарафдоримиз. Дарвоқе, 18-ўриндаги аутсайдер сермаҳсуллик бобида 6-поғонадаги «МЮ»дан олдинда 42га 39.
Ҳа, айтганча, Том Локьер хусусида тўхталадиган бўлсак, яқинда сардор иложи борича тезроқ майдонга қайтиш орзусида эканлигини баён этди. Бироқ якуний қарор уни даволаётган шифокорлар ихтиёрида. Бу борада Локьерга омад ёр бўлишига тилакдошмиз.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади