2002 йилдан бошлаб янги ташкил этилган Осиё чемпионлар лигасида доирасида ўзбек клублари илк марта БААнинг "Аш-Шабоб" клубини мағлуб этди.
Бунгача дубайликлар 3 марта ўзбекистонликлар билан тўқнаш келишган. 2009 йилги мавсумда "Бунёдкор" бир гуруҳда "Аш-Шабоб" билан баҳс олиб борган. Дубайдаги ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Гуруҳнинг сўнгги турида бу икки жамоа Тошкентда тўқнаш келишган. Ушбу ўйингача "қалдирғочлар" муддатидан аввал гуруҳда 2-ўринни эгаллаб бўлишганди. "Жар"даги ўйинда эса ҳисоб очилмаган.
Ўтган йили ОЧЛнинг саралаш босқичида Фарғонанинг "Нефтчи" клуби қуръа натижасига кўра айнан Азиз Ҳайдаров жамоасига қарши баҳс олиб борганда. Бир ўйиндан иборат сафарда бўлиб ўтган баҳсда "Шабоб" йирик 3:0 ҳисобида Саркисян шогирдларини мағлуб этишганди.
Демак, кеча "Пахтакор" нафақат сафарда ушбу рақибни илк марта мағлуб этди, балки "Шабоб"дан устун келган илк ўзбек клубига айланишди.