Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 0-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 2-0 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 2-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

«Бунёдкор» мағлубиятдан қутулиб қолди

Баҳо:
+ | -

"Бунёдкор" чиройли бошлаган "Поханг Стилерз"га қарши ўйинда ғалаба қозониши ҳам мумкин эди, аммо футболчиларнинг бўшашиши ва биринчи голдан кейин мураббийларнинг кўрсатмаларига тўла амал қилмасликлари оқибатида мағлубиятга учрашларига оз қолди. Ўйиннинг энг сўнгги сонияларида Жасур Ҳасанов томонидан киритилган гол майдон эгаларини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Миржалол Қосимов жамоани одатдаги тактика схема остида ўйинга тайёрлагани илк дақиқалардан кўзга ташланди. Қанот вингерлари Ҳасанов ва Блажич вақти-вақти билан жойларини ўзгартириб, рақибни чалғитишга уриниб кўришди. Ҳужум ортида эса Пишурга Лутфулла Тўраев ёрдам бериб турди.

Рақиб жамоа бош мураббийи Александр Пишурдан хавфсираганича бор экан. Ўйинда мухлисларнинг тезкор гол кўришида бу ҳужумчининг ҳиссаси улкан бўлди. Украиналик футболчи нафақат бош ва гавда билан яхши ўйнай оладиган таран типдаги ҳужумчи, балки яхшигина техника соҳиби эканини ҳам намойиш қила олди. У тўп учун курашда ҳимоячилардан устун келди ва тўпни оёғига тушириб олиб, икки нафар ҳимоячини чалғитганча, дарвозабонни осонлик билан доғда қолдирди.

Биринчи бўлим ўрталаригача ташаббус "Бунёдкор" жамоаси томонида бўлди. "Қалдирғочлар" томонидан уюштирилган ҳужумлар кўп вазиятларда футболчиларнинг бир-бирларини яхши тушунмаганлиги оқибатида якуний етмай қолаверди. Жасур Ҳасанов эса бир вазиятда бурчакдан тўпни тўғридан-тўғри дарвозага йўллашга уринди. Яқин бурчакка кириб кетаётган тўпни дарвозабон бир амаллаб қайтариб қолди. Айнан 19-рақамли ярим ҳимоячининг чап қанотдан етказиб берган тўпини эса Лутфулла Тўраев 11 метрлар чамасидан дарвозага аниқ йўллай олмади. Ваҳоланки футболчига ҳеч ким халақит бермаётганди. Бир вазиятда эса Пишурнинг бош билан йўллаган зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди.

Бўлимнинг иккинчи ярмига келиб похангликлар ҳам ҳужумга ўта бошлашди. Икки-уч вазиятда омад Нестеровга кулиб боққанини ҳам таъкидлаш лозим.

Иккинчи бўлимни кореяликлар анча дадил бошлашди. Ўйиннинг 60-дақиқасида ҳимоядаги эътиборсизлик оқибатида Мёнг Жу Ли осонлик билан дарвозани ишғол қилди.

Таъкидлаш лозим, мазкур гол меҳмонларга қўл келди — улар энди катта куч билан олдинга интилаётган "Бунёдкор" вакилларини қарши ҳужумда чазолаш пайида бўлишди. Орадан кўп ўтмасдан улар чиройли уюштирилган ҳужумни гол билан якунлашди. Қанотдан етказиб берилган тўпни Гванг Хун Ли бош билан дарвозага йўллади.

Ўйиннинг 73-дақиқасида ҳакам деярли жарима чизиғи устидан "Поханг Стилерз" дарвозаси томон жарима тўпи белгилади. Ушбу вазиятда кореялик ҳимоячи Александр Пишурни тортиб қолиб, тўп учун курашдан маҳрум қилганди. Жасур Ҳасановнинг юқори бурчакка йўллаган зарбаси эса тўсин устидан ўтиб кетди.

Орадан кўп ўтмасдан ўйин бош ҳаками майдон эгалари учун навбатдаги имкониятни тақдим этди. Тўп ён чизиқдан узатиб берилган пайтда ҳимоячилардан бири Пишур билан тўп учун курашда хавфли ўйин намойиш қилгани учун жарима майдончаси ичида эркин зарба белгиланди. Дарвозагача тахминан 10-12 метр масофа чамасида. Бу сафар Жасур тўпни Пишурга ташлаб берди. Александрнинг зарбаси эса жонли деворга тегиб, майдонни тарк этди.

Ўйиннинг асосий вақти тугашига 4 дақиқа қолганида "қалдирғочлар" ҳисобни тенглаштиришларига бир баҳя қолди. Олег Зотеев чап қанотдан тўпни жарима майдончасига ерлатиб етказиб берди. Тўп эса ҳимоячининг оёғидан ўтиб кетиб, Тўраевга келиб тушди. Лутфулланинг 7-8 метр масофадан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.

Лутфулла ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кираётган Алибобо Раҳматуллаевни чиройли тарзда тўп билан таъминлаганди, аммо ярим ҳимоячининг зарбаси ўта секин чиқди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқа ичида эса "Бунёдкор" таваккал қилиб, катта куч билан олдинга ташланишга мажбур эди. Агар кореялик ҳужумчи Нестеров билан яккама-якка вазиятда дарвозани ишғол қила олганида, барчаси ҳал бўларди. Аммо Игнатий бундай бўлишига йўл қўймади. Ўйин тугашига 30 сония қолганида эса тўп чап томонда турган Ҳасановга келиб тушди. Жасур тўпни тўғри дарвозага йўллашга қарор қилди ва адашмади — тўп олис бурчакка бориб тушди — 2:2!

Хитойнинг "Бейцзинг Гуан" клуби ўз майдонида "Санфречче Хиросима" жамоасини мағлубиятга учратди (2:1). Иккинчи турдан кейин Хитой ва Ўзбекистон жамоалари 4 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб туришибди.

ОЧЛ-2013. "G" ГУРУҲИ. 2-ТУР
"БУНЁДКОР" - "ПОХАНГ СТИЛЕРЗ" - 2:2 (1:0)
Голлар: Александр Пишур (15), Жасур Ҳасанов (90+4) — Мёнг Жу Ли (60), Гванг Хун Ли (67)
Огоҳлантириш: Даэ Хо Ким (70)
«БУНЁДКОР»: 1.Игнатий Нестеров, 4.Хайрулла Каримов, 23.Саҳоб Жўраев (Олег Зотеев 77), 16.Артём Филипосян, 19.Жасур Ҳасанов, 7.Марко Блажич (Алибобо Раҳматуллаев 63), 18.Фозил Мусаев (Камолиддин Мурзоев 66), 13.Лутфулла Тўраев, 2.Акмал Шораҳмедов, 8.Жавлон Иброҳимов, 11.Олександр Пишур.
«ПОХАНГ СТИЛЕРС»: 31.Да Сол Ким, 15.Хонг Ёнг Жунг, 27.Сун Жу Парк, 14.Даэ Хо Ким, 20.Жун Сунг Юн, 6.Жин Хо Шин, 29.Мёнг Жу Ли, 22.Бюнг Жун Но (Жун Су Ким 56), 7.Чун Сук Баэ (Чан Хи Ким 89), 33.Гванг Хун Ли (Чанг Жин Мун 78), 24.Сеунг Даэ Ким.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:51, 13.03.2013.
Ўқилди: 6338 марта.
Фикрлар: 39 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.