Кеча бўлиб ўтган, жамоа учун ўта муҳим беллашувда Рўзиқул Бердиев ҳеч ким учун кутилмаганда дарвозани Элдор Суюновга, ҳимоя марказида эса жароҳатланган Ҳамза Каримов ўрнига “Насаф” футбол академияси тарбияланувчиси Одил Ҳамробековга ишонч билдирди. Шундай қилиб, Одил Ҳамробеков илк марта асосий таркибда 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Одил Ҳамробеков 1996 йилда Наманган вилояти, Наманган тумани, Шўрқурғон қишлоғида таваллуд топган. Уни ёшлигидан футболга қизиқтирган ва футбол сирларларидан илк марта таҳсил берган устози Махмуджон Раҳимов бўлади.
Одил Ҳамробеков ўтган йили “Насаф” футбол академиясининг битирувчисидир ва у ҳозирги пайтда "Насаф" ёшлари таркибида тўп тепмоқда.
Кеча унинг майдондаги ҳаракатлари стадионда йиғилган барча мухлисларга маъқул келди. Шунингдек, унинг ўйинидан мураббийларнинг ҳам кўнгли тўлди.
Биз учрашув ниҳоясига етгач Одил билан боғланиб, унинг фикрлари билан қизиқдик.
“Бугунги учрашувда озроқ ҳаяжон босди, ушбу ҳаяжонни жамоадошларимнинг далдаси ва мураббийларимнинг ёрдами билан босиб олишга ҳаракат қилдим. Илк марта асосий таркибдаги дебютим муваффақиятли чиқди, биз ғалаба қилдик. Бу менга олам-олам қувонч бахшида этди. Жамоамизда руҳий ҳолат ажойиб даражада. Шунингдек, тажрибали ўйинчилар кўпчиликни ташкил этишади. Ҳамма бир-бири билан жуда иттифоқ. Академияда таҳсил олганимда ҳам шуни ҳис қилганман. “Насаф”да ҳамма ўйинчилар, уларнинг мавқеи ва ёшидан қатъи назар мураббийлар ва раҳбарлар томонидан бир хил қаралади. Агар сен ҳаракатинг ва интилишинг билан ўзингни кўрсатсанг, майдонга тушасан. Бошқача имконият йўқ. Мен ҳам ушбу академиядан чиққаним учун жамоамизга ёрдам берсам, деган орзуда юрар эдим, бугун мана шу орзуим амалга ошди. Ўзимга бўлган ишончни бундан буён ҳам оқлашга ҳаракат қиламан, ўз устимда тинмай ишлайман Ниятим — “Насаф” жамоаси сафида катта натижаларни қўлга киритиш, қолаверса “Насаф”нинг ажойиб ва содиқ мухлисларини ғалабаларимиз билан хурсанд қилиш”, — дейди Одил Ҳамробеков.
Биз шунингдек “Насаф” ёшлари жамоаси мураббийи Баҳодир Аннаматовнинг ҳам Одил ҳақидаги фиклари билан қизиқдик:
“Одил “Бухоро” ёшлари билан бўлган учрашувда 45 дақиқа майдонда ҳаракат қилди, уни Рўзиқул Бердиев кўпдан буён кузатиб келаётган эди ва у кишини тавсиясинг билан иккинчи бўлимда Одилни алмаштирдик. Мана бугун у айнан Рўзиқул Бердиевнинг ташаббуси билан асосий таркибда илк марта майдонга тушди. У майдонда биз кутгандан ҳам жуда яхши ҳаракат қилди. Умид қиламанки, у ҳали асосий таркибда ўз ўрнини эгаллайди. Унинг ҳаракатларидан шахсан ўзим ҳам хурсандман. Мана шундай шогирдларингнинг ютуғини кўрсанг, барча қилган меҳнатларингнинг чарчоғи чиқиб кетар экан. Бизда Одилдек иқтидорли ёшлар кўп, насиб бўлса, улар ҳақида ҳам вақти келиб билиб оласиз. Чунки бизда асосий таркиб ва ёшлар жамоаси ўртасида Рўзиқул Бердиев жорий қилган узвий боғликлик бор, мақсадимиз битта – “Насаф” жамоасини юқори нуқталарга кўтариш, бу ўзаро боғликлик ва якдил мақсад келгусида албатта ўз мевасини беришига ишонаман”, — деб фикр билдирди Баҳодир Аннаматов.
Мана азиз футбол ишқибозлари, “Насаф” футбол академияси “қалдирғочлар”ининг парвозига ҳам гувоҳ бўла бошладик. Ўтмишда “Насаф”ни ўзларининг жозибали ўйинлари билан биз мухлисларни хурсанд қилган ўйинчилар, энди мураббий сифатида ана шундай кашфиётларни кашф қилишмоқда.
Бизнинг тилагимиз Одил Ҳамробеков келажакда “Насаф” мухлисларининг энг севган ўйинчиларидан бири бўлиб қолади. Омад сенга, Одилжон!
Ренат Эрназаров тайёрлади.