Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ва бугунги ўйиннинг энг яхши футболчиси Ҳожимат Эркинов матбуот анжуманида иштирок этди.
Тимур Кападзе:
— Барчани бугунги ғалаба билан табриклайман. Муҳим ўйинда 3 очкони қўлга киритдик. Қўллаб-қувватлаган барча мухлисларимизга раҳмат айтаман.
Ўтказилган 2 ўйиннинг фарқи
— Ҳар доим биринчи ўйинлар қийин кечади. Бугун ҳам осон ўйин бўлгани йўқ. Рақиб ҳимояда яхши ҳаракатланди. Бироқ биз ҳам етарлича қаршилик кўрсатиб ғалаба қозондик. Эндиликда кейинги учрашувларга эътиборимизни қаратиб, тайёргарликни давом эттиришимиз керак.
Вьетнамга қарши ўйин ва кейинги босқич ҳақида
— Биз учун ҳар бир ўйин муҳим. Барча футболчилар ўйинга тайёр бўлади. Ишлашда ва тайёргарлик кўришда давом этамиз.
Кейинги босқичда ким билан ўйнашимиз - буни албатта вақт кўрсатади. Насиб бўлгани бўлади. Бизнинг ўз мақсадимиз бор, шу йўлда тайёргарликни давом эттирамиз.
Ҳожимат Эркинов:
— Бизни стадиондан ва телевизор ортидан қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга раҳмат. Ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келсак, биринчи бўлимда рақиб ҳимоя яхши ҳаракатланди. Зич ўйнади. Иккинчи бўлимда биз кўпроқ имконият яратиб, ҳисобни йириклаштира олдик.
Кейинги босқичдаги рақиб ҳақида
— Мураббийимиз таъкидлаганидек, биз тайёргарликда давом этамиз, ким билан ўйнашимиз ҳозирда маълум эмас. Шу сабабли бу ҳақида ўйламасдан, ўз мақсадимиз йўлида ишлашда давом этишимиз керак.