Москванинг ЦСКА клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев жорий мавсум якунида Европага кўчиб ўтиши кутилмоқда. Euro-football.ru интернет-нашрининг хабар беришича, Италиянинг икки клуби “армиячилар” футболчисини диққат билан кузатиб бормоқда. Жамоалар номи ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз Москва жамоасида 2023 йилнинг ёзидан буён ўйнаб келмоқда. Томонлар ўртасидаги амалдаги шартнома муддати 2026 йилнинг июнь ойи охиригача ҳисобланган. "Transfermarkt" портали экспертлари унинг қийматини беш миллион еврога баҳоламоқда.
Россия Премьер-лигасининг жорий мавсумида 20 ёшли ярим ҳимоячи 18 та ўйин ўтказиб, 3 та гол ва 5 та голли узатмани амалга оширди.