Суперлига 7-туридан ўрин олган "Сўғдиёна" – "Навбаҳор" (1:2) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Бугун Суперлигадаги энг қизиқарли беллашувлардан бирига гувоҳ бўлдик. Қулай ҳисобда ғалаба қозонаётган эдик, афсуски, якун бироз асабий ўтди. Айнан шундай учрашувлар жамоани кучли қилади. Жамоа 3 очкони қўлга киритди ва мусобақа жадвалида пешқадамга айланиб олди.
Ҳар бир серия қачондир поёнига етади. Футболчилар меҳнат қилишди. Натижа биз учун қулай эди ва шу сабабли ушбу ҳимояга кўпроқ эътибор қаратдик. Ғалаба қозонишимиз зарур эди.
Жиянов Осиё кубоги финалида ҳам жароҳат сабаб алмаштирилган эди. У асосий таркиб футболчиси саналади. Шунчаки, унинг саломатлигини хавф остига қўйгимиз келмади ва уни захирада қолдирдк.
Табатадзенинг ўзи захирага олишларини сўради. Унинг ўрнига майдонга тушган Иминжонов эса секин-асталик билан тажриба тўплаб бормоқда. Жамоага бош билан яхши ўйнай оладиган футболчи керак эди. У бугун яхши ҳаракат қилди.
Ўз ўйинимиз турганда бошқа жамоанинг қандай ҳаракат қилиши мени умуман қизиқтирмайди. Тўғри, "Нефтчи" билан баҳс дерби мақомига эга, аммо "Нефтчи" ҳам барча сингари жамоа. Мавсум бошидан буён барча жамоалар "Навбаҳор"га қарши алоҳида тайёргарлик кўришади. Бугунги беллашувни таҳлил қилиб чиқамиз ва кейингина келгуси рақибнинг кучли ёки кучсиз жиҳатларини ўрганамиз", - деди Бабаян.