Бир пайтлар сермаҳсул ўйинларни намойиш этган Пол Гаскойн ҳозир ҳам англиялик мухлислар жуда ҳурмат қиладилар.
Бунинг бир қатор сабаблари бор, албатта. Ахир у фақат шунчаки футболчи эмас, ростмана оркестр. Очиғи, шундай шахснинг улкан салоҳият соҳиби эканлигига ақл бовар қилмайди. Газза ўзининг нафақат стадион ташқарисида, балки яшил майдондаги қувноқ ҳазил-мутойибалари билан ном қозонган. Унинг кишига яхши кайфият бахш этадиган айрим қилиқларини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Автомобилдаги форель
Балиқ овлашни хуш кўрадиган Гаскойн бир куни овга қизиқиб кетиб, машғулотга бориши кераклигини унутиб қўйганлиги ҳақида унинг «Рейнжерс»даги собиқ жамоадоши Алли Маккойст гапириб берганди. Ўшанда машғулотга ошиққан Газза 2та форелни қаерга қўйишни билмай, Гордон Дьюрининг машинасига яшириб қўйган экан.
Полювгич воқеаси
Буюк Британияда «as daft as a brush» ибораси мавжуд. У «полювгичдек тўмтоқ» маъносини англатади. Буюк Бобби Робсон Гаскойнга айнан шундай таъриф берганди. Пол бунга қандай муносабат билдирган? Эртасига Пол навбатдаги машғулотга гетраси ичига полювгич чўткасини тиқиб олган ҳолда йўл олганди.
Сариқ карточкани қайтариб берди
«Рейнжерс»нинг 1995 йилдаги ўйини пайтида учрашув ҳаками Дуги Смит сариқ карточкасини майдонга тушириб юборганди. Буни кўриб қолган Гаскойн уни ҳакамга олиб борди. Лекин шунчаки, ҳакамга узатиш ўрнига, ҳазиллашган тарзда кўрсатиб қўя қолди. Ҳазилни қабул қилмаган Смит карточкани Газзадан олди ва ўша заҳоти Полга кўрсатди.
Жамоадоши учун солярий
«Ньюкасл»да тўп сурган даврида Газза ҳазиллашиш мақсадида ўз жамоадоши учун бир неча сеанс солярийга буюртма берганди. Тез орада ўша жамоадоши қора танли Тони Каннингем эканлиги маълум бўлди.
Винни Жонс билан танишув
Гаскойн фаолиятидаги энг машҳур фотосурат унинг Винни Жонс билан тўқнашувида олинган. Ўйин пайтида Жонс Газзанинг белидан қучоқлаб олганди. Учрашувдан кейин Пол ярашиб олиш белгиси сифатида Виннига қизил атиргул жўнатди. Жамоадоши эса туалет анжомларини жўнатиш билан жавоб қайтарди. Ҳазилкаш дўстларнинг алоқаси ҳанузгача тўхтамаган - яқинда улар ҳамкорликда балиқ овига йўл олишди. Газза шунингдек, «Арсенал» афсонаси Дэвид Симен билан ҳам овга бориб туради.
Меҳмонхонадаги маишат ва клуб автобусида
саёҳат
Газзани «Тоттенхэм» билан шартнома имзолаш учун Лондонга таклиф этишганида, уни ҳашаматли меҳмонхонадан жой беришган ва ҳаққини клуб вакиллари тўлашганди. Албатта, Пол бир нечта улфатлари билан келганди ва музокарани клуб вакилларига мурожаат билан бошлаганди: «Биз бу ердаги ажойиб 3 кун учун сизларга миннатдорчилик билдиришни истаймиз».
«Мидлсбро»да бўлган чоғида Гаскойн клуб автобусини олиб қочиш ва клуб базасида сайр қилишга қарор қилди. Оқибатда, уни бошқара олмай, деворга урилди ва клубга 10 000 фунт зарар келтирди.
Меҳмонхонадаги жароҳат ва пиджак чўнтагидаги илон
ЖЧ-1990 турнирининг 2-турида Англия терма жамоаси Нидерландия билан дурангга имзо чеккан бўлсада, омадсизлик футболчиларнинг барга йўл олишларига тўсқинлик қила олмади. Бундан хабардор бўлган дарғазаб Бобби Робсон полицияга мурожаат қилди. Гаскойн, Крис Уодл ва Брайан Робсон меҳмонхонага яшириниб олишди. Лекин у ерда жим ўтирмадилар. Брайан Газза ўтирган каравотни тебрата бошлади. Якунда у ағдарилиб, Робсоннинг бош бармоғига жароҳат етказди. Шу сабабли Брайан турнирдаги иштирокини давом эттира олмади.
«Тоттенхэм»дан «Лацио»га ўтган Газза Римдаги виллаларнинг биридан жой олганди. Кунларнинг бирида у ётоқхонасида илонни кўриб қолди ва ўлдирди. Эртасига илонни ўзи билан олиб кетиб, Роберто Ди Маттео пиджакининг чўнтагига солиб қўйди.
Афсус-надомат
Ичкиликка ружу қўйган футбол афсонаси бир куни жуда кўп ичиб юборди ва ўзини поезд остига ташлаш мақсадида темир йўл станцияси томон йўл олди. Бироқ унинг бахтига, станцияга етиб келган Брайан Робсон уни олиб кетди.
Ичкилик ҳеч қачон ҳеч кимга дўст бўлмаслигини унутмаслик керак. Мудҳиш воқеалар бахтиёр дамларни ютиб юборади, унинг соҳиби эса ғам-ғуссага ботади. Март ойида Газза шундай деганди: «Бир пайтлар бахтиёр пиёниста эдим, энди ғамга кўмилган бедавоман. Агар кун ёмон бўлишини истасам, барга йўл оламан, яхши бўлишини истасам, қармоқни оламанда, овга жўнайман».
Учрашувга Санта-Клаус либосида
Англиялик қитмир футболчи «Лацио»да ўйнаган даврида ФИФАнинг ўша даврдаги бош котиби Зепп Блаттерни лол қолдирганди. Жамоа бош мураббийи Дино Зофф мартабали меҳмонни муносиб кутиб олиш учун футболчилардан дурустроқ кийиниб олиш ҳақида огоҳлантирганди. Нима деб ўйлайсиз, Пол қандай либосни танлаган? Учрашувга у Санта-Клаус костюмида йўл олган ва эски қадрдонлардек Блаттер ёнидан жой олганди.
Содиқ СОБИР тайёрлади