Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ўзбекистон — яна гуруҳ пешқадами!

Баҳо:
+1 | -

Жаҳон чемпионати саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари учрашувида вакилларимиз ўта қийин кечган учрашувда Жепаровнинг ягона голи эвазига ғалаба қозониб гуруҳ пешқадамига айланиб олишди.

Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб олдинга ташлангандек кўринсада, вакилларимиз анча эҳтиёткорлик билан бошлашди. Ҳужум қилаётган вакилларимиз тўпни йўқотишгани заҳоти орқага қайтишга ҳаракат қилишди. Рақиб майдонининг ўзидаёқ босим уюштириш ўрнига ҳимоя ҳақида ўйлашга ҳаракат қилишди.

Илк голга тортадиган вазият 10-дақиқага келиб содир бўлди. Жасур Ҳасанов Жепаровдан тўпни қабул қилиб олиб ўткир бурчак остида дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб боришганди. Бироқ унинг зарбаси (балки пасдир) ишончсиз чиқди ва дарвозабон тўпни эгаллаб олди.

Терма жамоамизнинг позицион жойлашувига эътибор қаратадиган бўлсак, ўта тартибсиз ҳолатни кузатиш мумкин эди. Марказий зонада бир йўла -уч футболчининг бир жойда туриб қолиш ҳолатларини тўпни узатишдаги қўпол хатоларни кузатиш мумкин эди. Асосан қанотлар орқали ҳужумларни ташкил қилган вакилларимиз бу уринишлардан ҳам самарали фойдалана олишмади.

15-дақиқада Ливан терма жамоаси ҳисобни очиши мумкин эди. Рақибнинг энг хавфли футболчиси Ҳасан Чайто жарима майдони марказига яқин ҳудудда тўпни эгаллаб олди ва дарвоза томон зарба берди. Бироқ зарба ноаниқ кўриниш олди.

Биринчи бўлимнинг қолган аксар қисмида ҳам вакилларимиз рақиб жарима майдонида кўпроқ имкониятлар яратишди. Лекин ҳақиқий голга тортадиган вазиятлар яратилмади ва натижада биринчи бўлимда ҳисоб очилмай қолди.

Иккинчи бўлим бошида эса Миржалол Қосимов терма жамоа таркибида ўзгариш амалга оширди. Жасур Ҳасанов ўрнига майдонга Олег Зотеев туширилди. Бу ўзгариш бўлим бошиданоқ ўзини оқлай бошлади. Кўп ўтмай Қосимов энди марказий ҳимоячи Артём Филипосян ўрнига ҳужумчи Фарҳод Тожиевни туширди. ўтган саралашнинг март ойида кечган учрашувларини ўта омадли ўтказган Тожиевларнинг кичиги майдонга тушиши билан ўйин сурати бутунлай ўзгариб кетди. Терма жамоамизнинг ҳар бир ҳужуми хавфли кўриниш ола бошлади.

Дастлаб 55-дақиқада Сервер Жепаров жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб олиб жуда қулай вазиятда зарба берди. Бироқ тўп юқоридан ўтиб кетди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас, энди Фарҳод Тожиевда жуда қулай имконият юзага келганди. Бироқ унинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Кейинги вазиятда ҳам Тожиевда имконият юзага келди. Бироқ бу сафар зарба ноаниқ кўриниш олди.

Вазиятлар шу даражада хавли кўриниш олаётгандики, футбол тили билан айтганда «голнинг ҳиди кела бошлаганди». Бу ҳам 63-дақиқага келиб ўз тасдиғини топди. Сервер Жепаров жарима майдони марказида тўпни қабул қилиб олиб ўзи учун қулай бўлган чап оёғига тўпни ўнглаб олди ва зарба берди. Тўп йўл-йўлакай рақиб футболчисига тегиб дарвоза тўридан ўрин олди. Янги стадиондаги биринчи голни Жепаров сальто билан нишонлади.

Голдан кейин ҳам вакилларимиз кетма-кет ҳужумлар ташкил қилишда давом этишди. Айниқса бу кеча ўта фаол ҳаракат қилган Фарҳод Тожиев яна бир қатор ўта қулай вазиятларга чиқиб борди. Лекин унинг жуда кўп зарбалари ноаниқ кўриниш олаверди. Бир вазиятда қизиққонлик қилган Тожиев сариқ карточка ишлаб олди. 90-дақиқада эса у қизил карточка ҳам олиши мумкин эди. Бироқ унинг қўли билан ўйнаган вазиятни ҳакам кўрмай қолди.

ЖЧ-2014 саралаши. 4-босқич. 7-тур.
ЎЗБЕКИСТОН – ЛИВАН  1:0 (0:0)
Гол: Сервер Жепаров, 64 - 1:0.
Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров, 4. Артём Филипосян (11. Фарҳод Тожиев, 54), 5. Анзур Исмоилов, 6. Жасур Ҳасанов (13. Олег Зотеев, 46), 7. Азиз Ҳайдаров, 8. Сервер Жепаров (14. Фозил Мусаев, 90+1), 9. Одил Аҳмедов, 10. Улуғбек Бақоев, 17. Санжар Турсунов, 22. Шохруҳ Гадоев, 23. Акмал Шораҳмедов.
Ливан: 23. Аббос Ҳасан, 3. Юсуф Муҳаммад, 4. Мутаз Ал-Жунайди, 6. Муҳаммад Шамас, 8. Ҳасан Чайто, 9. Муҳаммад Ҳайдар (13. Аббос Атвий, 82), 10. Аббос Атавий (22. Алексис Тони, 82), 15. Ҳайтам Фаур (7. Ҳассан Матук, 70), 18. Волид Исмоил, 19. Али Ҳамам, 20. Аднан Ҳайдар.
Огоҳлантириш: Фарҳод Тожиев (76).
Ҳакамлар: Абдулмалик Абдулбашир, Эдвин Ли, Мун Танг, Муҳаммад Тоқи Жоҳарий (барчаси Сингапур).
Назоратчи: Ёқуб Жума Аҳмад (БАА).
Комиссар: Роберт Торрес (Гуам).

A - Гуруҳи

ЖамоаЎйинҒалабаДурангМағлубиятТ-НОчко
1 Ўзбекистон 6 3 2 1 6-4 11
2 Жанубий Корея 5 3 1 1 11-5 10
3 Эрон 5 2 1 2 2-2 7
4 Қатар 6 2 1 3 4-7 7
5 Ливан 6 1 1 4 2-7 4
Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:59, 26.03.2013.
Ўқилди: 18801 марта.
Фикрлар: 137 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.