Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Лига мутахассислари «Динамо» стадионида бўлди ва унинг мавсумга тайёр эмаслигини қайд этди

Баҳо:
+ | -

2023 йилнинг 11 апрель куни Лига Самарқанд вилояти ҳокимлигига расмий хат йўллаб, «Динамо» клуби эҳтимолий Суперлига йўлланмасини қўлга киритса, «Динамо» стадиони 2024 йилги мавсумдан бошлаб чемпионат ўйинларини қабул қила олмаслигини маълум қилганди. Орадан 8 ой ўтиб, «Динамо» стадиони майсаси, дренаж ва суғориш тизимини янгилаш ишлари бошланди.

Шу йилнинг 15 май куни «Динамо» клуби Лигага мурожаат қилиб, «Динамо» стадиони мавсумга тайёр қилингани ва уни қабул қилиб олиш учун мутахассислар юборишни сўради. Вилоят ҳокимлиги эса 20 май кунги «Динамо» — «Пахтакор» учрашувини «Динамо» стадионида ўтказиш истагини билдирди.

«Суперлига ва Пролига регламенти»нинг 11.3-бандида футбол клуби уй учрашувларини ўтказувчи ва захира стадионлари актини расмий учрашув санасидан камида уч ҳафта аввал Лигага тақдим этиши лозимлиги кўрсатилган. 15.8-бандда эса футбол клуби учрашув стартига 20 кундан кам бўлмаган муддатда Лигага мазкур учрашув санаси ёки вақтини ўзгартириш борасида батафсил асослантирилган мурожаат билан чиқишга ҳақли экани қайд этилган. Бироқ расмий учрашув стартига 5 кун муддат қолган бир вақтда мавсум учун тайёр бўлмаган стадионда Суперлига учрашувини ўтказиш таклифи мақсадга мувофиқ ҳисобланмайди. Бунга қуйидаги сабабларни келтириш мумкин:

— Суперлиганинг меҳмон мақомидаги жамоаси сафар ўйини учун йўл чипталари ҳамда меҳмонхоналарни камида бир ой муқаддам буюртма қилади;

— ЎзФҲМ Суперлига учрашуви ўтадиган стадионда ВАР техникаси фаолиятини ташкил этиш учун камида бир ҳафта аввал тайёргарлик бошлаши лозим;

— Суперлига телетрансляцияси ҳуқуқи эгаси ҳисобланган «Спорт» телеканали ҳар қандай расмий учрашув учун режаларини икки ҳафта аввал тасдиқлайди.

Шунга қарамай, Лига ўз мутахассисларини 16-17 май кунлари Самарқанд шаҳрига хизмат сафарига юборди. «Динамо» стадионида олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, стадион Суперлига ўйинларини ўтказиш учун тайёр эмас деб топилди. Боиси:

— стадион прожекторлари айни вақтда 1258 люксни ташкил қилади. Суперлига стадиони учун талаб эса 1800 люкс ҳисобланади;

— майдон атрофи резина ёки сунъий қоплама билан эмас, асфальт қоплама билан ўралган, бу эса спортчилар соғлиги учун хавфли ҳисобланади;

— мухлислар жой олиши кўзда тутилган айрим трибуналарда бетон қоплама емирилиши натижасида қаттиқ тош бўлаклари ажралиб чиққан, бу эса хавфсизлик талабларига мос келмайди;

— захира футболчилари чигалёзди машғулотларини ўтказиш учун шароит мавжуд эмас;

— стадион ВАР ҳамда МТРК техникаси фаолият олиб бориши учун 100 мбит/с дан бўлган алоҳида-алоҳида интернет линиясига эга эмас;

— стадион аудиотизимида созлаш ишлари олиб борилиши лозим;

— учрашув комиссари хонаси Лига талаби даражасида жиҳозланмаган;

— ҳар икки жамоанинг захира футболчилари ва расмийлари жой олиши лозим бўлган техник ҳудуд Лига талаби даражасида эмас.

Ҳозирча фақатгина «Динамо» стадиони майдони, майсаси, дренаж ҳамда суғориш тизими янгиланган. Бироқ мазкур иш билан шуғулланган корхона мутахассислари Лига билан суҳбатда камида май ойи сўнгига қадар майдон майсаси расмий учрашувларни қабул қилиш учун тайёр бўлмаслигини билдирди. Майдон мутахассислари хулосасига амал қилмай, майдонда бирор тадбир ўтказилса, корхона майдоннинг келгуси ҳолати юзасидан жавобгарликни ўз бўйнига олмаслигини маълум қилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Лига «Динамо» стадиони ҳозирча Суперлига учрашувларини қабул қилиш учун тайёр эмас деган хулосага келди. Стадионни тезроқ тайёрлаш ва унинг барча талабларга жавоб бериши юзасидан биргаликда ишлаш борасида Лига Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда «Динамо» футбол клуби билан ҳамкорликда фаолият олиб боришга тайёр.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 23:19, 17.05.2024.
Ўқилди: 767 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.