Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Александр Хомяков: "Мен сеҳргар эмасман"

Баҳо:
+ | -

Суперлига 9-туридан ўрин олган "Олимпик" – "Андижон" баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Етарлича курашларга ва хиссиётларга бой ўйинни гувоҳи бўлдик. Учрашув давомида бир қатор хавфли вазиятларни кўрдик, аммо тўп дарвозага кирмади. 90 дақиқа мобайнида кучли босим остида ўйин бўлди, деб айтишим мумкин. Умуман олганда, жанговар дуранг кузатилди.

Албатта, мухлисларимиз фақат ғалабани кутишаётганини биламиз. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Яна дуранг ўйнадик. Эътибор берган бўлсангиз, бу ўйинда ғалаба учун яхшигина ҳаракат қилдик. "Олимпик" жамоасини ҳурмат қилишимиз керак. Асосий таркиби Ўзбекистон олимпия терма жамоасини ташкил қиладиган футболчилар. Улар Олимпиадага йўлланмани қўлга киритишган. Шу сабабли бу рақибни осон ютишимиз мумкин, деган фикрдан йироқман. "Олимпик" ҳам яхши жамоа. Ҳа, гол уришимиз мумкин эди. Ишқибозларимизни тўғри тушунаман. Афсуски, ўйин дуранг билан тугади.

Албатта, биз март ойида мавсумни жуда яхши бошладик, биз учун омадли келганди. Май ойида кўплаб очколарни йўқотдик. Мағлубиятга ҳам учрадик. Сабаблар ва омиллар кўп. Ротация билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлди. Ҳужумларда бир қатор имкониятлардан фойдалана олмадик. Ҳужумдаги жараёнларда асабий ҳолатлар бўлди. Футболчилар имкон қадар ҳаракат қилишди. Энди кейинги учрашувларда йигитларимиз бор имкониятларини ишга солиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Аввал ҳам айтганман, бизда бир қатор муаммолар бор. Айниқса, ҳужумда ҳам. Буни тан оламиз ва муаммоларни бартараф қилиш устида иш олиб боряпмиз. Бу ерда йигитлар ҳаракат қилишмаяпти ёки ғалаба учун ўйнашмаяпти, деган фикрдан йироқман. Улар курашишяпти, хоҳлашяпти. Бироқ ҳужумдаги натижа яхши кўриниш олмаяпти. Очиқ айтаман, ҳужумдаги вазиятларда тажриба етишмаяпти. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан барчаси изига тушади.

Бир нарсани тушунишингизни хоҳлардим, клуб стратегияси бироз ўзгарди. Ёш ва иқтидорли ўйинчиларни жалб қилиш, шу орқали жамоани шакллантириш жараёнига ўтганмиз. Бизга ҳужум чизиғини янада шакллантиришимиз учун вақт керак. Ёшларга ўзларини кўрсатиши учун вақт зарур. Хебай сингари бўлиши учун ўйлайманки, бир қанча муддат лозим. Очиқ айтадиган бўлсам, мавсум олдидан бизга юқори вазифалар қўйилмаганди. Стратегиялар ўзгариб боряпти. Яхши ўйин ташкил қилиш, ёш футболчиларга эътиборни ошириш клуб стратегиясининг асосий вазифаларидан бирига айланган. Ҳали шундай вақтлар келадики, жамоа кучли таркибга эга бўлади. Иқтидорли ёшлар етишиб чиқиб, шаклланган жамоага айланади. Аммо ҳозирча ўйлаган режаларимиз у қадар амалга ошмаяпти.

Буни кўриб чиқамиз. Ҳозирги вақтда "Пахтакор"га қарши бўлажак учрашув ҳақида бирор нима дея олмайман. Кўрамиз, бизда 4 та ҳужумчи бор, балки 2 тасини ўйнатармиз ёки бошқача услуб қўллармиз. Буни ўйинга яқин ҳал қиламиз. Ҳозир бу саволга жавоб бериш қийин. Самиевнинг жароҳати қанчалик эканлигини кўриб чиқамиз. Шундан кейин бир фикрга келамиз. Иккита ҳужумчи билан ўйнашимиз ҳам мумкин", - деди Хомяков.

Манба: pfl.uz
Киритилди: 04:12, 25.05.2024.
Ўқилди: 1023 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.