Суперлиганинг 9-тури доирасида бўлиб ўтган "Локомотив" - "Сурхон" ўйинидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида "темирйўлчилар" бош мураббийи Ёрқин Назаров иштирок этди.
"Иккила жамоа кураш олиб борди. Шундай ўйинлар кўпаяверсин. Биринчи бўлимда гол қўйиб юборганимиздан кейин иккинчи бўлимда кўпроқ ҳужум қилишга мажбур эдик ва гол ҳам уриб олдик. Бизда кўпроқ вазият бўлди деб ўйлайман, лекин барибир 1:1 ҳисоби бугунги ўйин учун адолатли бўлди.
- "Локомотив" олдинги ўйинларда иккинчи бўлимда биринчисига қараганда пастроқ ўйин намойиш қиларди. Бугун эса жамоа иккала бўлимда ҳам курашди. Нима деб ўйлайсиз, олдинги ўйинларда иккинчи бўлимда жамоада ҳаракатчанлик тушиб кетишига нима сабаб бўлган деб ўйлайсиз?
- Олдинги ўйинларда бизнинг тайёргарлигимиз бошқачароқ эди. "Бунёдкор" билан ўйиндан кейин тайёргарлик учун 4-5 кун бор эди. Бу кам бўлса ҳам тайёргарликни ўзгаришга қарор қилдик. Йигитларда хоҳиш юқори бўлгани сабабли мана бугун ўйинда ўзгаришлар бўлганини кўрдик. Олдинги ўйинлардагидан кўра кўп нарсаларни, кун тартибини, машғулотлар жадвалини ўзгартирдик. Агарда бугунги иккинчи бўлимдаги ўйинга етиб келадиган бўлсак, барчасига эришган бўламиз" - деди Ёрқин Назаров.