Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Малик Тшау: «Футболда энг муҳими – ҳамиша тайёр туриш»

Баҳо:
+ | -

«Милан»нинг Германия/финляндиялик 22 ёшли ҳимоячиси Малик Тшау яқинда Милан шаҳрида жойлашган Гаэ Ауленти майдонида очилган Under Armour спорт маҳсулотлари дўкони очилишида қатнашди.

 Истеъдодли ҳимоячи тадбир доирасида ОАВ вакилларига ҳам қисқача вақт ажратди.

- Бу мавсум «Милан»да деярли барча ўйинларда 4 нафар ҳимоячи схемасида ўйнадингиз. Олдин эса «Шальке»да асосан 3 нафар ҳимоячи тактикасида тўп сургансиз. Ўзингиз учун қайси чизма қулайроқ?

- Ўйлайманки, яхши ҳимоя маълум бир тактик чизмага боғлиқ эмас. Ахир ҳар қандай схемада турли футболчилар билан бирга ҳаракатланасиз. Оддий айтганда, сон эмас, сифат муҳимроқ. Умуман, ҳар икки чизмада ҳам ўзимни бирдек қулай сезаман.

- Сизга «Реал» ва «Бавария» томонидан қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар урчимоқда...

- Бу футболнинг бир қисми, ҳар доим турли хабарлар янг­раши одатий ҳол. Ҳозирда бор эътиборим фақат «Ми­лан»га қаратилган. Кейинги мавсум жамоа билан кўпроқ ютуқларга эришишни хоҳлайман. Шундай экан, миш-мишлар эмас, ўз ҳаракатларим ва жамоа ўйини ҳақида бош қотирганим маъқулроқ.

- Мавсум сиз учун ноодатий тус олди, хусусан, жароҳат узоқ вақт четда қолишингизни тақозо этди. Ўйинингизни қандай баҳолайсиз?

- Бундан яхшироқ ўйнашга қодирлигимни биламан. Ишлар ўзингиз ўйлаганингиздек кечмаяптими, унда қайсидир жиҳатларни янада яхшилашингиз керак. Йўқ, ўзимни койишимга ҳожат йўқ. Шунчаки, олдинга силжиш ва ривожланишга ҳаракат қилиш тўғрироқ бўлади. Футболда энг муҳими - жамоа учун ҳамиша тайёр туриш. Акс ҳолда, ўсишга эришолмайсиз, майдонда сўзингизни айтолмайсиз. Хуллас, кейинги мавсумда жароҳатлардан қочиб, ривожланишда давом этишим керак.

- Клуб афсонаси Паоло Мальдини ҳақида қандай фикрдасиз?

- Уни футболчи ролида кўп кўрмаганман, фақат фаолияти охиридаги баъзи ўйинлари видеоёзувини томоша қилганман. Мальдини ҳамон барча замонларнинг энг яхши ҳимоячилари қаторида тилга олинаётган экан, демак, шунга яраша ўйнаган. Паоло билан йил давомида мулоқот қилиш ёқимли бўлди. У баъзи тавсия-маслаҳатлар берди, албатта, лекин уларни ошкор қилишим шарт эмас.

- Мухлисларнинг эътирозлари юзасидан нима дея оласиз?

- «Милан» - ажойиб жамоа. Аммо керакли натижага эришолмадик, демак, клубни қаттиқ яхши кўрадиган фанатлар ғазабланишга ҳақлилар. Албатта, бундан анча яхшироқ ўйнашимиз керак. Мухлис баъзан севимли жамоасига куюнганидан майдонда кузатилаётган воқеаларга нисбатан ошкора эътироз билдириши мумкин. Буни тўғри қабул қилиш, фанатлар талабларини тинглаш ва кейинги мавсумда уларни қониқтирадиган даражада ўйнаш ҳақида бош қотириш мақсадга мувофиқ. 

- Германия футболидан «А» серияга ўтишда нечоғли қийналдингиз?

- Бунда баъзи мушколотлар сезилди, албатта. «А» серияда ҳужумчилар жисмонан бақувватроқ. Шунинг учун тўлиқ 90 дақиқа давомида диққатни жамлашингиз талаб этилади.

- Ўзингизни бугунги «Милан» етакчиларидан бири сифатида ҳис қиляпсизми?

- Ҳали йўқ. Етакчилик мақоми тезда берилмайди, аввало, барчасини майдонда исботлаш керак. Бунинг учун эса вақт кетади, барибир.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 16:54, 01.06.2024.
Ўқилди: 613 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.