Қозоғистоннинг "Актобе" клуби кеча 3-тур доирасида "Акжайик" меҳмони бўлди ва ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Ушбу ўйин олдидан Sports.kz сайти Ўзбекистон терма жамоаси сафидан қайтган Александр Гейнрих билан қисқача суҳбат қурди.
— Александр, "Актобе" ушбу турда "Акжайик" билан куч синашади. Жамоа ушбу ўйинда қандай натижага умид қилмоқда?
— Фақат ғалабага ўйнаймиз. "Акжайик" ўтган йили бизни икки марта мағлуб этганди. Мураббийимиз улар учинчи марта ҳам мағлуб этиш учун майдонга тушишини таъкидлади. Кўрамиз, бу футбол, нима бўлар экан. Биз ҳам улардан ўтган йилги мағлубиятлар учун қасос олишимиз керак.
— "Актобе" ушбу мавсумда кетма-кет 2та ғалабани қўлга киритган ягона жамоа бўлди. Жамоа бунга қандай эришди?
— Чемпионат энди бошланди ва барча жамоалар сунъий қопламали майдонларда —барча бир хил шароитда ўйнамоқда. Қаердадир гол уриш борасида омадимиз келди, қаердадир яна нимадир... Яна, менимча, иккала ўйинда кучли иштиёқ ва жанговар характер кўрсатдик.
— "Актобе" олтин медалларни қўлга кирита оладими?
— Нима учун йўқ? Биз чемпионлик учун курашамиз. Агар олтин медаллар учун курашмасак, унда ўйнашнинг нима кераги бор?
— Шахсан сиз ўз олдингизга ушбу мавсумда қандай вазифа қўйгансиз?
— Ўз олдимга ҳеч қандай вазифа қўймганман. Мен учун жамоанинг муваффақияти муҳим.
— Совринли ўринлар учун курашда "Актобе"га қайси жамоалар рақобат кўрсатишади, деб ўйлайсиз?
— Ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта. Бу йил чемпионат 2 та босқичга бўлинган. Иккинчи босқичда жамоалар 6тадан 2та гуруҳга бўлинишади. Ўшанда менга қўнғироқ қилинг, мен сизга қайси жамоалар "Актобе"га рақобат кўрсатиши ҳақида айтаман.
— "Актобе" бош мураббийи Владимир Никитенко ҳужумчилардан нимани талаб қилади?
— Тўп учун курашиш, уни сақлаб туриш, бўш зоналар томон интилиш. Умуман олганда, ҳар қандай жамоада ҳужумчилардан нимани талаб қилишса, шу нарсани талаб қилади.
— Сиз ҳужумнинг олди чизиғида ҳам, ҳужум ортида ҳам яхши ўйнай оласиз. Ўзингизни қаерда кўпроқ яхши ҳис қиласиз?
— Мен ҳар иккала жойда ҳам ўзимни яхши ҳис қиламан. Барчаси вазиятга боғлиқ.
— Келинг, энди Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида гаплашамиз. ЖЧ-2014га чиқиш имкониятларингиз — ёмон эмас. Тўғридан-тўғри йўлланма масаласини ҳал қила оласизларми?
— ЖЧга чиқиш имкониятларимиз нафақат ёмон эмас, балки ажойиб. Ҳа, ЖЧга тўғридан-тўғри чиқа оламиз, деб ўйлайман. Агар ЖЧга чиқа олмасак, бунда фақат ўзимизни айблашимиз мумкин.
— "Актобе" мухлисларига тилакларингиз.
— Стадионга келишсин ва бизни қўллаб-қувватлашсин. Уларнинг қўллаб-қувватлаб тургани — биз учун ёқимли. Мухлисларимиз бизни ҳамма жойда — уй ўйинларида ҳам, сафарда ҳамма қўллаб-қувватлашади. Улар ҳамиша биз билан бирга. Биз ҳам уларни яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз!