Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Истиқлол», «Анжи», «Крилья Советов», Алишер Узоқов...

Баҳо:
+4 | -

Тошкентнинг "Истиқлол" клуби бу йил Биринчи лигада илк марта иштирок этишни бошлади. Аслида 2012 йилда ташкил этилган клубнинг ўз фаолиятини бирданига Биринчи лигада бошлаганига кимдир эътибор қаратди, кимдир йўқ. Эътибор берганларнинг хаёлидан “бу ҳам вақтинчалик жамоалардан бири бўлса керак”, деган фикр ўтган бўлса ажаб эмас. Кеча, 30 март куни “Истиқлол” клуби Биринчи лига жамоаларига хос бўлмаган ишга қўл урди — матбуот анжумани ўтказди. Тўғрида, Тошкентда “НБУ-Осиё”, “Оқтепа” каби жамоалар бир неча йилдан бери фаолият олиб борадию, аммо бирор марта матбуот анжумани ўтказганини эсломайман.

Ушбу матбуот анжумани қизиқиш уйғотди ва жамоанинг лойиҳалари, мақсадлари, режалари билиш мақсадида унда иштирок этишга қарор қилдим.

Дарвоқе, клуб аста-секин профессионаллик сари интилмоқда десак хато бўлмас. Жамоада ёш ҳамкасбимиз Толибжон Қосимов (“Шўртан”даги Толиб Қосимов эмас) матбуот котиби сифатида иш бошлаган бўлса, клуб сайти (www.fcistiqlol.uz) ҳозир ишлаб чиқилмоқда. Демак, клуб ҳақида ўзгаришлардан доимий равишда хабардор бўлиб борамиз.

Матбуот анжуманида иштирок этган “Истиқлол” клуби вице-президенти Шоҳид Тиллабоев жамоа ҳақида маълумот бериб ўтди.
“Жамоамиз 2012 йилнинг куз ойларида ташкил этилди. Биз ўз лойиҳа ва режаларимизни Ўзбекистон футбол федерациясига ва ЎзПФЛ директори Фарҳод Магомедовга тақдим қилиб, Биринчи лигада иштирок этиш учун рухсат сўрадик. ЎФФ Ижроқўмининг қарори билан бизга Биринчи лигада иштирок этиш имконияти берилди. Бунинг учун ЎФФ ва ЎзПФЛга миннатдорчилик билдирамиз. Жамоани ташкил қилишдан энг асосий мақсадимиз — ёш футболчиларни тайёрлаш ва уларнинг униб-ўсишлари учун ўз ҳиссамизни қўшиш. Бу мақсад йўлида аста-секин жамоани ривожлантириб борамиз. Шунинг учун ҳам клубимиз асосан ёшлардан иборат. Сафимизда 1995, 1996, 1997 йилларда туғилган футболчилар кўпчиликни ташкил қилади. Клубимизнинг ушбу йилдаги муайян вазифаларидан бири ўзимиз иштирок этаётган "Шарқ" минтақасида кучли саккизликка кириш ва якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш. Якуний босқичда ҳам имкон қадар муносиб қатнашишни мақсад қилганмиз. Шу тариқа босқичма-босқич ўз олдимизга янада юқори мақсадларини қўйиб борамиз”, дейди Шоҳид Тиллабоев.

Ҳар қандай янги ташкил қилинган клуб ҳали бирданига жиддий мақсадларга эриша олмайди. Бунинг учун аввало етарли инфратузилма ва таркибда тажрибали футболчилар лозим бўлади. Буни яхши англаган клуб раҳбарияти ёш футболчилар ёнига кўпни кўрган ўйинчиларни жалб қилишган. Албатта, улар Олий лигада ўйнаётган футболчини ўз сафларига жалб қила олмасдилар. Шунинг учун клуб ўз вақтида олий лигада ўйнаган ва ҳозирги кунда турли сабабларга кўра бўш қолган футболчиларнинг хизматидан фойдаланишга қарор қилган. Уларнинг орасида энг таниқлиси — Нодир Қўзибоев. Бу футболчини ўз вақтида фарғоналик мухлисларнинг энг севимли ўйинчиларидан бири бўлган. Тошкентнинг “Пахтакор” клубига ўтганидан кейин эса унинг ишлари орқага кета бошлади ва сўнгги йилларда Биринчи лига клубларида фаолият олиб боришга мажбур бўлди. Ажабмас, Қўзибоев яхши ниятлар билан ташкил этилган клубда ўзининг янги қирраларини намойиш қилиб, яна ўзининг аввалги салоҳиятини намойиш қила бошласа. Нодир Одиловни ҳам эсласангиз керак а? Вадим Абрамов бу футболчини “НБУ-Осиё”да ўйнаб юрган пайтидаёқ Ўзбекистон олимпия терма жамоасига жалб қилганди. Ҳасан Эргашевни балки фарғоналик мухлислар яхши танишар. Бу футболчи Юрий Саркисян қўлостида фаолиятини "Нефтчи"да бошлаб, кейинчалик “Абдиш-Ота” клубида бир неча йил тўп сурган.

“Истиқлол” ўз сафида актёр ва режиссёр Алишер Узоқовни ЎзПФЛда заявкадан ўтказгани қизиқарли ҳолат бўлди.

“Алишер Узоқовни жамоага таклиф қилишдан асосий мақсад шунчаки шов-шув кўтариш эмас. Алишер яхши, иқтидорли футболчи. Ўзи ҳам футбол ичида катта бўлган, ёшлигида футбол билан шуғулланган. У ўзининг яхши ўйинлари билан мухлисларга қувонч улашади деб ўйлайман”, дейди клуб вице-президенти.

“Футбол оддий ўйин эмас. Профессионал клуб аъзоси бўлганимдан кейин ишга жиддий ёндашиш керак. Ҳам футбол, ҳам кинони баравар олиб бориш қийинлигини биламан. Шунинг учун съемка жараёнларини камайтиришга ҳаракат қиляпман. Клуб машғулотларда тўлиқ қатнашиб, керакли формага кириб олишга ҳаракат қиламан. Баъзилар “ўзи Алишернинг аралашмагани фақат футбол қолганди”, дейишлари мумкин. Шунчаки футболга қизиққаним учун бирданига футболга кириб келдим, десам нотўғри бўларди. Ёшлигимдан футболга қатнашиб юрганман, футболчи бўлишимга ҳам сал қолганди. 14 ёшимдан 16 ёшимгача “Трактор” клубида мураббий Сергей Андреевич қўлостида шуғулланганман. Мен футбол билан ёшлигимдан, дейлик 7-8 ёшлигимдан шуғулланмаганим учун 16 ёшимда оғир жароҳат олдим ва маълум муддат футболдан узоқ юришга тўғри келди. Ўша пайтда санъатга, кинога кириб кетдим. Энди эса футболга қайтиш имконияти пайдо бўлди ва менга бундай имкониятни тақдим этгани учун "Истиқлол" клубига миннатдорчилик билдираман”, дейди актёр ва футболчи Алишер Узоқов.

Бир қараганда, ҳаммаси яхши — яхши ниятлар яхши иш бошланди. Лекин клубнинг фаолияти қанчага давом этиши мумкин. Ўзи клубни ташкил қилишдан асл мақсад нима, клубга ким ҳомийлик қилади, ҳозирги пайтда турли жамоалар молиявий қийинчиликларга дуч келаётганида клуб бундай муаммога дуч келмайдими, деган саволлар юзага келиши табиий.

“Ёшликдан ўзим ҳам футбол шайдоси бўлганман, футбол билан шуғулланганман. Аммо кейинчалик оилавий муҳитдан келиб чиқиб, илм йўлидан кетгандим. Мана энди бизда клуб очиш имконияти пайдо бўлди ва янги ғояларни амалга ошираётганимиздан хурсандман. Клуб раҳбариятини аҳил оилага ўхшатиш мумкин. Барчамизнинг мақсадимиз битта — ўзбек футболи учун иқтидорли футболчиларни тайёрлаб бериш. Клубга эса Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган бир нечта россиялик тадбиркорлар ҳомийлик қилишади. Улар ҳам юртимиздаги талантли футболчиларни топиб, кейинчалик уларнинг Россия жамоаларида ўйнаб кетишларини исташади”, дейди Ш.Тиллабоев.

Клуб логотипи (ранглари, шакли), жамоа футболкасининг олдига ёпиштирилган тарғибот-реклама бизга “Анжи”ни эслатиб юборди. Янги очилган клуб нега бу йўлдан юрди?
"Мухлисларнинг севимли футболчиси Одил Аҳмедов ва унга администраторлик қилаётган Илҳом Шариповнинг ёрдами "Анжи" клубида 1 ой малака ошириб, жамоанинг иш юритиш тизимини ўрганиб келдим. Хабарингиз бўлса, "Анжи" ўз академиясига фақат доғистонлик футболчиларни олади, бошқа минтақалардан болаларни қабул қилмайди. Биз ҳам клубимиз қошида футбол академиясини ташкил қилиб, дастлаб 1996, 1998, 199 йилда туғилган футболчилардан иборат гуруҳларни ташкил қилмоқчимиз. Улар Тошкент шаҳар чемпионатида — Иккинчи лигада иштирок этишади. Хуллас, “Анжи”нинг иш юритиш тартиби бизга ёққанлиги учун бу борада махачқалъаликларга ўхшашга қарор қилдик”, дейди Шоҳид Тиллабоев.

Англаётган бўлсангиз, Россия фуқаролари ўзбек футболига инвестиция киритиб, юртимиздаги иқтидорли ва яхши савиядаги футболчиларни рус клубларига етказиб беришни мақсад қилишгандек кўринади.

“Биз нафақат “Анжи” клуби билан яхши алоқаларга эгамиз, клубимиз ҳомийлари "Крилья Советов"га алоқадор кишилар ҳисобланишади. Шунинг учун кейинчалик ўзбекистонлик футболчиларни бу жамоада ҳам кўриб қолсак ажаб эмас. Масалан, Нодир Одиловни "Крилья Советов"да кўрикдан ўтишга таклиф қилишди. Аммо у ўтган йил давомида у "Пахтакор" ва "Локомотив" клубларида етарли ўйин амалиётига эга бўлмагани учун бу йил кўрикка боришни истамади. Бу ишни келаси йилга қолдирди. Шунинг учун у бир йил давомида "Истиқлол"да ўйнаб туради. Нафақат Нодир, балки бошқа футболчиларни ҳам Россия клубларига юбориш, уларнинг ўсишига эришиш ва шу тариқа ўзбек футболига ҳисса қўшиш — асосий мақсадларимиздан бири”, дейди “Истиқлол” вице-президенти.

Клуб ҳали ўзининг доимий стадионига эга эмас. Шунинг учун пойтахтдаги стадионлардан бирида ижара асосида ўйнаб туришни мақсад қилган.
“Клубни ташкил қилганимиздан кейин стадион масаласи билан ҳам шуғулландик. Яккасарой туманида жойлашган Болалар спорт мактабига қарашли футбол майдонини, бу стадионни кўпчилик “Тўқимачи” номи билан яхши билишади, ижарага олиш борасида шартнома имзолагандик. Аммо у сўнгги дамда Ички ишлар вазирлиги балансига ўтиб кетди ва олди-берди далолатномасини тузиш учун бир ой вақт кетаркан. Шунинг учун ҳозирча уй ўйинларимизни “Чиғатой” терма жамоаларни тайёрлаш стадионида ўтказиб турамиз. Бизда “Жар" стадионини ижарага олиш варианти ҳам бор эди. Ўтган йили сўнгида бу стадион раҳбарияти билан гаплашганимизда, “Бунёдкор”нинг янги стадионга қачон ўтиши номаълумлигини ва бу масала февраль ойи охири, март ойи бошларида аниқ бўлишини айтишди. Биз эса буни кутиб туролмасдик. Боиси, ЎФФга ўзимизнинг лойиҳамизни (стадионни кўрсатган ҳолда) тақдим қилишимиз керак эди. “Тўқимачи” стадиони эса ЎзПФЛ талабларига жавоб беради, майдон ҳам табиий чимдан иборат”, дейди Шоҳид Тиллабоев.

Нодир Қўзибоевнинг ҳозирги спорт формаси қай даражада эканлигини мухлислар яхши билишмайди, аммо унинг тажрибаси кўпгина жамоаларга наф келтириши мумкин эди. Аммо у “Истиқлол” таклифини қабул қилди.

“Клуб лойиҳалари ва режалари билан танишиб чиқдим. Улар менга маъқул қилди. Жамоа ёшларни тарбиялашни мақсад қилган ва бу эзгу ишга мен ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоқчиман. Клуб бир йиллик эмас, узоқ йиллик лойиҳа эканига ишонч ҳосил қилганимдан кейин клубнинг таклифини қабул қилдим. Очиғини айтаман, қишда "Навбаҳор"да шуғулланиб тургандим, Олий лиганинг яна 1-2 та клублари билан суҳбатлашдим. Аммо мен охир оқибат "Истиқлол" вариантида тўхталдим”, дейди Нодир Қўзибоев.

Ҳозир кунда футбол клубини молиявий томондан таъминлаш осон эмас. Юртимиздаги клубларга эса йирик ташкилотлар ҳомий сифатида бириктирилган бўлса-да, айрим муаммолар кўзга ташланиб туради. Хўш, бу борада клубнинг имкониятлар қандай?

“Ҳозирча клуби бюджети камтарона. Ҳар ҳолда Биринчи лигада иштирок этиш учун миллиард сўм шарт эмас. Бизда барча нарса ҳисоб-китобли. Асосий урғуни ёшларрни тарбиялашга қаратганимиз учун ҳозирча катта бюджетга эҳтиёжимиз йўқ. Босқичма-босқич ривожланиб борганимиз сари бюджетимиз ҳам катталашиб боради”, дейди жамоа раҳбари.

Қизиқ томони, клуб вице-президенти Шоҳид Тиллабоевнинг ўзи ҳам 25 кишилик заявкага футболчи сифатида киритилган. Бундай ҳолатни камдан-кам кузатишимиз мумкин.

“Ўзим ҳам 9 ёшимдан футбол МҲСКда футбол билан жиддий шуғулланганман, шаҳар биринчилигида тўпурар бўлганман. Дилшод Нуралиев бошчилигидаги терма жамоа йиғинида маълум муддат иштирок этганман. Бу йил ҳам жамоанинг қишки йиғинларида футболчилар билан тенгма-тенг югурдим. Ҳаттоки ўртоқлик ўйинларида гол урдим. Қолаверса, футбол билан шуғулланиш ўзимнинг соғлигим учун ҳам фойдали. Агар мураббийлар штаби мени ўйинга туширишга қарор қилса, клубга фойда келтиришга ҳаракат қиламан”, дейди футболчи-раҳбар.

Кино соҳасида маълум ютуқларга эришган Алишер Узоқов футболда ҳам сезиларли натижага эриша олармикан. Бу савол кўпроқ Алишер Узоқов мухлисларини қизиқтириши табиий.

“Бирданига футболга кириб қолганимга ҳайрон бўляпсизларми? Сабаби, терма жамоамиз Бразилияда ўтадиган ЖЧга чиқишга яқин турибди. Боз устига, Гейнрих яхши ўйнай олмаяпти (кулади). Албатта, бу ҳазил. Мен шунчаки 1-2 йил футбол ўйнамоқчи эмасман, қанчалик ғалати туюлмасин, юқорида айтиб ўтганимдек, футболга жиддий қараяпман. Бу соҳада ҳам ниятларим улкан. Буни эса фақат гап билан эмас, амалда исботлашим учун менга маълум вақт керак. Бунга 1-2 кунда эришиб бўлмайди. Футболчиликни тугатганимдан кейин эса мураббий сифатида ўзимни синаб кўрмоқчиман. Шундоқ экан, аввало мен футболчи сифатида нималаргадир эришишим лозим. Бу нарса қанчалик қўлимдан келади, буни вақт кўрсатади. Энг асосийси ҳозир менда кучли истак ва хоҳиш бор. Ана шу нарса йўқолиб қолмаса бўлгани”, дейди ҳужумчи Алишер Узоқов.

Матбуот анжумани сўнгида жамоанинг тажрибали футболчиларига футболкалар тақдим қилинди. Нодир Қўзибоевга 7 рақамли футболка топширилган бўлса, иқтидорли Нодир Одилов 23-рақамни танлади, жамоа сардори Ҳасан Эргашев эса 21-рақамли формани қабул қилиб олди. Футбочли Алишер Узоқовга 10-рақамли футболка тақдим қилинди ва у мавсум давомида 10та гол уришга ваъда берди.

Олимхўжа Бўронов

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:47, 31.03.2013.
Ўқилди: 18714 марта.
Фикрлар: 56 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.