30 март куни «Шўртан» ўз майдонида бу йил яна олий лигага қайтган «Сўғдиёна» жамоасини қабул қилди. Учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Даврон Файзиев кичик ҳисобдаги ғалаба билан «Шўртан»ни табриклаган ҳолда бир ҳолатдан ранжиганини айтиб ўтди. Яъни, мураббий гап орасида ўйиндан бир кун олдин жиззахликлар машғулот ўтказишлари учун «Шўртан» ўйин бўлиб ўтадиган Ғузордаги асосий стадион майдонини машғулот ўтказишга бермаганини гапирди.
Чиндан ҳам 29 март кунги машғулотни «Сўғдиёна» асосий майдонда ўтказгани йўқ. Лекин шуни айтиб ўтиш жоиз, шу куни ҳатто майдон эгаси ҳисобланган «Шўртан» ҳам айнан шу майдонда машғулот олиб бормади. Эдгар Гесс шогирдлари жамоа қароргоҳи ичида жойлашган бошқа бир майдонда машғулот ўтказишди. «Сўғдиёна»га эса майдон сифати бошқа жойлардаги майдон ҳолатидан асло қолишмайдиган болалар футбол марказида жойлашган бошқа бир табиий майдон берилди.
Бунинг боиси шундаки, Ғузордаги асосий стадион майдонига яқинда уруғ сепилгани боис майсага ҳали бироз дам бериш лозим эди ва буни тўғри тушунган Эдгар Гесс ўйиндан бир кун олдинги машғулотни бошқа майдонда ўтказишни лозим топди. Клуб раҳбарияти ва стадион маъмурияти «Сўғдиёна» вакилларига бу борада тушунтириш беришди ва асосий майдон ўрнига клуб ўринбосарлари уй учрашувларини ўтказадиган иккинчи майдонни меҳмонлар учун ажратишди. Натижада ёшлар лигасининг 4-туридан ўрин олган «Шўртан» - «Сўғдиёна» баҳси якунига етганидан сўнг Даврон Файзиев ўз жамоаси билан шу ерда машғулот ўтказди.
Шу ўринда одамларнинг «Шўртан» ўйиндан бир кун один асосий майдонни рақиб жамоага бергиси келмабди каби хаёлларга боришини асло хоҳламаймиз. Негаки, «Шўртан» фақат ўз манфаатини ўйлайдиган клублар сирасига кирмайди. Агар шу куни майдон ҳолати машғулот ўтказиш учун юз фоиз тайёр бўлганида, яъни майдонга уруғ бирмунча олдин сепилганида бемалол «Сўғдиёна»га асосий майдонни бериб туришимиз мумкин эди. Тўғри, регламентда келтирилишича, мезбон жамоа меҳмонларга ўйиндан бир кун олдинги машғулот учун ўйин бўлиб ўтадиган майдонни бериши керак, бироқ юз берган ҳолат бўйича кишиларда бошқача фикр бўлишини истамаймиз.
Барчамиз яхши биламиз, ғузорликлар бу йил ҳисобидан дастлабки уй учрашувини аслида 8 март куни «Пахтакор»га қарши ўтказишлари лозим эди. Лекин шу куни кучли ёққан қор туфайли ўйин бўлиб ўтмади ва ҳозирча номаълум муддатга қолдирилди. Агар март ойининг дастлабки ҳафтасида қор ёғмаганида ва кунлар ҳозиргидек исиб кетганида майдонни уруғлантириш ўз вақтида амалга ошарди ва шунда рақиб ким бўлмасин, «Шўртан» футбол клуби раҳбарияти албатта регламентга амал қилган ҳолда меҳмонларнинг талабини бажарган бўларди.
ПФЛ томонидан бу йилги чемпионат учун чиқарилган регламентда ўйиндан бир кун олдин мезбон жамоа меҳмонларга асосий майдонни бериши кераклиги тўғрисида банд бор. Аммо қавс ичида келтирилган гапда “агар машғулот ўтказиш майдон сифатини бузиб қўймаса” деган жойини эътиборсиз қолдирмайлик. Айтайлик, шу куни Ғузордаги асосий стадионда «Шўртан» шуғулланганида ва «Сўғдиёна»га майдон берилмаган бўлганида унда бошқа гап эди. 29 март куни ҳеч бир жамоанинг асосий майдонда машғулот ўтказмаганига кўра демак, чим тўлиқ тайёр ҳолда бўлмаган. Йўқса, «Шўртан» фақат ўз манфаатини ўйлайдиган клуб эмас. Ўйлаймизки, юқорида айтганларимизни ПФЛ ҳам, қолаверса, «Сўғдиёна» вакиллари ҳам тўғри тушунишади ва бундан буён «Шўртан» машғулот ўтказиши учун асосий майдонни рақиб жамоага бериб туришни хоҳламади каби гап-сўзларга чек қўйилади. Сўзимиз охирида эса регламентнинг ушбу мавзуга тегишли бандини рус тилида келтириб ўтамиз.
8.7. Принимающая команда бесплатно предоставляет команде «гостей»:
– футбольное поле с травяным покрытием для ежедневных тренировок, не ранее, чем за два дня до проведения матча;
– футбольное поле, на котором будет проводиться календарный матч, не менее одной предыгровой тренировки продолжительностью до 45 минут в игровое время (если тренировка не повлияет на качество газона);