Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Рўзиқул Бердиев: «Ўйинчига мураббийнинг ишончини ўзи катта руҳий мадад ҳисобланади»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, кеча “Насаф” жамоаси Ўзбекистон Кубоги 1/16 финалида Самарқанднинг биринчи лигада фаолият юритаётган “Регистон” жамоаси билан куч синашиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди ва Кубок баҳсларининг кейинги босқичига йўлланма олди.

Биз сайтимиз номидан “Насаф” жамоасининг бош мураббийи Рўзиқул Бердиевдан ана ўйин тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашишни илтимос қилдик ва бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Кеча бўлиб ўтган ўйинда олий лига жамоаси билан биринчи лига жамоаси ўртасидаги савия кўриниб қолди. Биз асосан майдонга камроқ тушаётган ўйинчиларга имкон бердик. Шунингдек, айрим асосий ўйинчиларимизни майдонга туширмадик. Биз ҳар бир ўйинга хоҳ у биринчи лига жамоаси бўлсин, хоҳ у олий лига жамоаси бўлсин катта тайёргарлик кўрамиз. Рақибни писанд қилмаслик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда ўйинчиларимизга етарли даражада кўрсатма берган эдик, улар ҳам буни тўғри тушунишиб, ўз маҳоратларини намойиш этишди. Майдонда ҳаракат қилган барча ўйинчиларимиз ишончимизни тўлиқ оқлашди. Бу йил сафимизга қўшилган Зоҳид Абдуллаев ҳам гол уришга муваффақ бўлди. Умумий олганда, кўзланган мақсадимизга эришдик, энг муҳими шу.

— Кеча жароҳатидан сўнг кўпдан буён майдонда кўринмай қолган Шерзод Аъзамов ҳам ўйнади, у жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлганми?
— Шерзод жароҳатларидан фориғ бўлган, лекин унда руҳий томондан бироз ҳадик бор, бу табиий ҳолат, яъни жароҳатдан сўнг кўп вақт майдонга тушмаган ўйинчида озроқ қўрқиш бўладики, жароҳатим яна янгиланиб қолмасин деган, умид қиламанки, бу ҳолатдан ҳам у чиқиб кетади. У жуда меҳнаткаш йигит. Биз унга кейинги ўйинларда ҳам имкон берамиз.

— Бизнинг фикримизча, айрим ўйинчилар  Сизнинг қўл остингизда “Насаф”га келиб, ёки ўринбосарлар сафидан қўшилиб, “очилиб” кетишади, бунинг сири нимада?
— Буни ҳеч қандай сири йўқ, қўлимиздаги жами 25 ўйинчига бир кўз билан қараймиз, лекин бизда ким ўз устида кўпроқ ишлаб ҳаракат қилсагина унга майдонга тушишга имкон берамиз. Бизда бошқача йўл йўқ. Қолаверса, ушбу ўйинчиларни танлашда ҳам узоқ фикр-мулоҳаза қилинган ва кузатилган, уларнинг қўлидан нима келишини биламиз. Ўз ўрнида руҳий томондан ҳам тайёрлаймиз, улар ҳам бу ишончни оқлашга ҳаракат қилишади. Ўйинчига мураббий томонидан бериладиган ишончнинг ўзи унинг учун катта руҳий мадад бўлади. Агар қўл остингиздаги ўйинчи унга нисбатан сиз мураббий сифатида ишонч билдирмаётганингизни билиб қолса, унинг учун бундан ёмони йўқ.

— Биз мухлисларни бир нарса ажаблантиради, яъни баъзан жуда маъсулиятли ўйинларда ёш ўйинчиларга ишонч билдирасиз, бу нима таваккалчиликми ёки?..
— Йўқ, бу таваккалчилик эмас, балки сизларга шундай туюлар, лекин бундай эмас. Қўлимиздаги ўйинчиларни нималарга қодирлиги яхши биламиз, уларни танлашда кўп марта синаб кўрганмиз, агар мураббий натижадан қўрқиб, шундай ўйинчиларга ишонч билдирмаса, бундай ўйинчилар бора-бора “чўкиб” қолиши мумкин. Албатта унинг майдонга тушишидан олдин жисмоний ва руҳий томондан ҳам тайёрлаймиз, улар ҳам ўз томонидан бундай ишончни оқлаш учун қўлидан келадиган барча ишни қилишади. Ёки сизларда бу йил илк марта майдонга тушган Одилбек Ҳамробеков ёмон таасурот қолдирдими? (кулиб).

— Бу йилги чемпионатда “Насаф” сафига қўшилган қайси шогирдингиз йил кашфиёти бўлиши мумкин?
— Бизнинг ишимиз кашфиёт қилишдан иборат эмас, агар шундай ўйинчилар ўзларини кўрсатишиб, эл оғзига тушса бу албатта мураббий учун жуда ёқимли ҳолат. Ўзларига мухлислар ва футбол мутахасисларини эътиборини тортадиган ўйинчилармиз сафимизда талайгина.

— Бу йил фикримизча, Илҳом Шомуродовнинг “йили” бўладиган кўринади, сизнингча-чи?
— Илҳом Шомуродовнинг жуда тажрибали ўйинчи, афсуски ўтган йил унинг учун омадсиз бўлди, иккинчи даврада “Бунёдкор”га ижарага бериб юборилди, у ерда кичик жароҳат олиб ўйинларда иштирок эта олмади. Илҳом бизнинг тарбияланувчимиз бўлмаса-да у ўзоқ вақтдан бўён сафимизда тўп тепмоқда, яъни “Насаф”га ўрганиб қолган ўйинчи ҳисобланади, ўзини кўрсатишга доим ҳаракат қиладиган ва ғалабага чанқоқ ўйинчи. Унинг шашти бу йил бошқача, умид қиламанки у фикрларингизни оқлайди.

— Энди Жаҳонгир Жиямуродов ҳақида ҳам фикрларингизни билдириб ўтсангиз.
— Жаҳонгир бир ой вақт ўтди Германияда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Ўзингизга маълум Шерзод Аъзамов ҳам мана шундай амалиётдан кейин ўзоқ вақт тикланишига вақт кетди. Жиямуродов “Насаф”нинг тўлақонли ўйинчиси ҳисобланади, у билан шартномамиз мавжуд. Яқинда уни сафимизга қўшилиши кутилмоқда, менимча иккинчи даврадан майдонга тушишга тайёр бўлади ва жамоамизга катта фойдаси тегади, деган умиддаман.

— Кеча бўлиб ўтган ўйиндан сўнг яна танаффус вужудга келди, бу вақтда биронта назорат учрашуви ўтказиш кўзда тутилганми?
— Биз ҳеч қандай назорат учрашувини ўтказишни режалаштирганимиз йўқ. 14 апрелда "Шўртан"га қарши ўз майдонимизда бўладиган ўйинга ўз базамизда пухта тайёргарлик кўрамиз.

— Суҳбатингиз учун катта раҳмат, Сизга ва жамоамизнинг кейинги ўйинларига каттадан-катта муваффақиятлар тилаймиз. Доимо шундай ғалабалар билан Сизни табриклаб юрайлик.
— Раҳмат айтганингиз келсин. Эътиборларингиз учун сизлардан жуда миннатдорман.

Суҳбатни Ренат Эрназаров ёзиб олди.

Манба: www.voha.uz
Киритилди: 13:36, 07.04.2013.
Ўқилди: 3154 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.