Қозоғистоннинг 4 карра энг яхши тўпурари бўлган Улуғбек Бақоев ушбу мавсумда кам гол урмоқчи эмас. У ўтказилган 4та турда 2та гол уришга муваффақ бўлди. Премьер-лиганинг "Иртиш" ва "Актобе" жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади. Ушбу ўйиндан кейин Бақоев ҳамкасбларимизга интервью берди.
— Улуғбек, "Актобе"га қарши баҳсда «Иртиш»га нима етишмади, деб ҳисоблайсиз?
— «Актобе»га қарши яхши ўйнаб, уни ютсак бўларди, аммо рақиб бизга ғалаба қозониш имконини бермади. Бу менинг шахсий фикрим.
— Дастлабки 4та тур ўйинларидан кейин «Иртиш» 5 очко жамғарди. Буни қандай баҳолайсиз?
— Яхши ҳам эмас, ёмон ҳам. Ушбу мавсумда барча жамоалар кучли, барча курашмоқда. "Кучли олтилик"ка кириш учун кураш кескин кечади. Чемпионат қизиқарли ва кутилмаган натижаларга бой бўлиши кутилмоқда.
— Қозоғистон чемпионатида 4 марта энг яхши тўпурар бўлгансиз. Ушбу совринни бешинчи марта ютиш ниятингиз борми?
— Мен учун жамоа натижаси муҳим. Жамоага фойдам тегса бўлгани. Мен ҳар бир ўйинда гол уришга ва жамоага фойдам тегишига ҳаракат қиламан.
— «Иртиш»ни ўз жамоангиз деб ҳисоблайсизми?
— Қозоғистонда мен «Тобол» ва «Жетису» жамоаларида ўйнадим. Мен бу жамоаларнинг ҳар бирида яхши натижаларга эришдим, совриндор бўлдим. Ҳозир эса «Иртиш»даман ва жамоага кўпроқ фойдам тегишини истайман.
— Ҳозирча ҳисобингизда 2та гол бор. Ушбу натижани қандай баҳолайсиз?
— Йилдан йилга гол уриш қийинлашиб бормоқда. Ҳимоячилар кучайиб боришмоқда. Мен уларни алдашга ва гол уришга ҳаракат қиламан.
— Сизнинг ортингизда яна бир неча нафар ўзбекистонлик футболчи Қозоғистон чемпионатига келди. Бу нима билан боғлиқ?
— Бунинг сабабини билмайман. Демак, клуб раҳбарлари ушбу футболчиларга эҳтиёж сезишган. Масалан, ўзбекистонлик футболчилар "Актобе"ни яхшигина кучайтира олишди. Улар жуда маҳоратли футболчилар, номдо спортчилар деса ҳам бўлади. Улар ҳали кўп жамоаларнинг кайфиятини бузишади.
— Ўтган йили «Иртиш» чемпионликдан бир қадам ортда қолганди. Ушбу мавсумда жамоа олтин медалларни қўлга кирита оладими?
— Бу футбол. Чемпионат энди бошланди ва бу ҳақда гапириш қийин. Масалан, «Тобол» ўтган мавсумда узоқ вақт мусобақа жадвалини бошқариб борди ва якунда 6-ўринни эгаллади. Ҳозирча 4та тур ортдан қолган бўлсада, ҳар бир турда кутилмаган натижалар кузатилмоқда. Мазкур чемпионат кучли ва қизиқарли ўтади.
— Жамоангиз ушбу мавсумда Европа лигасида иштирок этиши лозим. «Иртиш» қанчалик узоққа бора олади?
— Европа лигасининг ҳар бир ўйинида шундай ҳаракат қиламизки, имкон қадар узоқроққа боришга интиламиз. Еврокубокларда иштирок этадиган барча Қозоғистон клубларига омад тилайман.
— Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ финал босқичига чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Ҳоир бу ҳақда кўп гапиришмоқда. Сўнгги ўйинларда бизга қийин бўлади, аммо биз бор кучимизни ишга солиб, бундай имкониятни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қиламиз. Ишончим комил, биз саралашнинг сўнгги ўйинларида муваффақиятли ҳаракат қилиб, Мундиалга борамиз.
— Ҳа клуб, ҳам терма жамоада бирдек юқори савияда ўйнаш қийин эмасми?
— Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва ҳозир яхши формадаман. Клуб ва терма жамоа сафидаги ҳар бир ўйинда иштирок этиш — мен учун роҳат. Агар ўйин ижобий натижа билан тугаса — бу икки карра маза қиламан.