УЕФА германиялик ҳакам Вольфганг Штаркни мавсум охиригача Европа Чемпионлар лигаси ўйинларини бошқаришдан четлатди. Бу ҳақда Каталониянинг Esport3 телеканалига асосланиб «Лента.Ру» хабар бермоқда. Айни вақтда, Испаниянинг бир қатор нашрлари, жумладан, El Mundo Deportivo УЕФАга асосланиб бу хабарни рад этмоқда.
Шундай қилиб, ҳакам Чемпионлар лигаси чорак финалидан ўрин олган Франциянинг ПСЖ ва Испаниянинг «Барселона» клублари ўртасидаги ўйиндаги хатолари учун жазоланган. Учрашув 2 апрель куни Парижда ўтказилган ва 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан тугаган эди.
5 апрель куни Каталония клуби УЕФАга Штаркнинг ҳакамлиги устидан шикоят билан мурожаат қилганди. Ҳакам иккинчи бўлимда испан жамоаси футболчилари – Хорди Альба ва Хавьер Маскерано тўқнашиб кетган вақтда ўйинни тўхатмагани «Барселона» норозилигига сабаб бўлган. Ҳар иккала ўйинчи ҳам узоқ вақт давомида майдонда ётган ва Штарк бу футболчиларга тўп майдон чизиғидан ўтганидан сўнг эътибор қаратган. Шундан сўнг ҳакам ўйинчиларга майдонни тарк этишлари ҳақида кўрсатма берган, майдон ташқарисида футболчиларга тиббий ёрдам берилган.
Пьерлуижи Коллина бошчилигидаги УЕФА ҳакамлар қўмитаси Штаркнинг хатоларини тан олди ва уни еврокубок ўйинларини бошқаришдан четлатди. Esport3 маълумотларига кўра, германиялик бу ҳакам 25 май куни Лондондаги «Уэмбли» стадионида ўтказиладиган Чемпионлар лигаси финал учрашувини бошқаришга энг асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилаётган эди.
«Барселона» ва ПСЖ ўртасидаги жавоб ўйини 10 апрель куни ўтказилади ва уни Бьорн Кейперс бошчилигидаги голландиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.