Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мусо ал-Тамарий: «Иордания термаси - ЖЧ чиптасига реал даъвогар»

Баҳо:
+ | -

Иордания футболининг бугунги юлдузи Мусо ал-Таммарийнинг ота-онаси вақтида унинг келажаги бўйича қарама-қарши фикрларга эга бўлишган.

Манбаларда ёзилишича, онаси Мусони ўқиш ва илм олишга ундаган, отаси аксинча, ўғлини жаҳон даражасидаги футболчи сифатида кўришни хоҳлаган, бунга чин юракдан ишонган ҳам. Йигитчанинг ўзи эса ёшлигида «Шабаб Ал-Ордон» (Иордания) клуби ёшлар тизимидаги машғулотлар тўловини қоплашда оиласига кўмаклашиш учун Аммандаги новвойхонада ҳам ишлаган. Асосийси, шундай машаққатли йўл ал Таммарийга муваффақият сари интилишда янада қатъийлик бағишлайди ва у тез орада профессионал фаолиятини хорижда юксалтиришга қарор қилади. Мусо шу тариқа 2018 йили Кипрнинг АПОЭЛ клубига ўтиш орқали катта мақсад сари биринчи қадамини ташлайди. Ўша вақт йигитча атиги 20 ёшда эди, муҳими, иорданиялик истеъдод тетик ўйинлари билан тезда Европанинг бошқа клублари эътиборини тортади. Якунда дриблинг салоҳияти юқори ҳужумчи Бельгия чемпионати орқали Франциянинг «Монпелье» клубига ўтади. 

Осиё кубоги-2023да янги даражага кўтарилганини исботлаган Иордания миллий жамоаси эса Европанинг кучли 5та лигасида ўйнаётган ягона вакили ёрдамида ОФК миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаши иккинчи босқичини аъло натижа билан якунлади. Ортда қолган довонда 5та гол уриш асносида жамоа муваффақиятига катта ҳисса қўшган Мусо ал Таммарий энди ҳамюртлари билан Шимолий Америка ҳудудида бўладиган мундиал йўлланмасини брон қилиш ва Иордания футболида янги саҳифа очишдан умидвор. 27 ёшли ҳужумчи ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳам бу борада дангал гапирди. У жумладан, суҳбат жараёнида Иордания терма жамоасининг тараққиётига тўхталиб, бунда марокашлик мураббий Ҳусайн Аммута таъсири жуда кучли эканлигини очиқ эътироф этди.

- Иордания термаси охирги Осиё кубогида жуда тетик ўйнаб, 2-ўринни эгаллади. Очиғи, сизлардан ҳеч ким бундай натижа кутмаганди. Хўш, Иордания футболи учун тарихий ва ҳайратланарли муваффақиятнинг сири нима?

- Сирми? Аслида ҳаммамиз Қатар турнирида анча узоққа боришга қурбимиз етишини билардик, жамоада ишонч ҳисси юқори эди. Умуман, футболимизда ҳамиша иқтидорли йигитлар кўзга ташланишарди, фақат йиллар давомида миллий жамоа ўйин тизими тўғри йўлга қўйилмаганди. Осиё кубогидан олдин эса янгича, анча тажовузкор услуб бўйича ўйин схемаси тузилди. Қатарда натижа қандай бўлишидан қатъий назар, кучли жамоавий руҳ ва ҳамжиҳатлик билан назарга тушишимизга ишондик. Мухлисларимиз ҳам бутун турнир давомида бизни фаол қўллаб-қувватлаб, фақат олдинга чорлашди. Шукрки, ҳамюртларимизга футбол воситасида қувонч улашиш уддасидан чиқдик.

- Умуман, ОК-2023 жамо­а­-нгиз кайфиятини нечоғли ўзгартирди? Иорданиялик мухлисларнинг чиройли қўллаб-қувватлашларини қандай изоҳлайсиз?

- Албатта, финал йигитларни тўлқинлантириб юборгани тайин. Ҳар ҳолда, ҳозир ўз салоҳиятимизга ҳар қачонгидан кучлироқ ишон­япмиз. Мухлисларимизга келсак, улар азалдан ўта фаоллар. Осиё кубогидан кейинги ЖЧ саралаш ўйинларида эса янада иштиёққа тўлишгани яққол билинди. Айниқса, Аммандаги ўйинларда трибуналарда мислсиз атмосферани юзага келтиришдики, бу ҳам футболчилар кучига куч қўшмоқда. 

- Марокашлик бош мураббий Ҳусайн Аммута терма жамоага айнан қандай янгиликлар олиб кирди? Уни жамоанинг олдинги мураббийлари билан таққослай оласизми?

- Термамиз равнақида мураббийнинг таъсири жуда кучли эканлиги кундек равшан. Аммутанинг фалсафаси оддий ва ҳаммамиз учун тушунарли - имкон қадар кўпроқ ҳужум ва тўп назоратига асосланган ўйин. Бошқа мураббийлар билан таққослашга келсак, табиийки, ҳар бир мутахассис ўз жамоасига ижобий хислатларни сингдиришга  уринади, бунда турли услублардан фойдаланади. Шундай экан, алоҳида бир фарқли жиҳатни тилга олишдан маъно йўқ.

- Иордания термасининг ОК-2023даги муваффақияти табиий равишда ниҳоят, ЖЧ чиптасини ҳам ютиш орзусини қувватлантиргани аниқ. Бошқача ифода этганда, мухлислар энди сизлардан мундиал йўлланмасини кутишади. Бундай қарашларга муносабатингиз қандай, ўзи Иордания миллий жамоасининг мундиалга чиқиши реалликка нечоғли мувофиқ, сизнингча?

- Барчамиз мамлакатимизда шундай орзу барқ ураётганидан хурсандмиз. Шахсан мен мундиал орзусини рўёбга чиқара олишимизга ишонаман. Бинобарин, жамоада кайфият ва ўйин ритми жуда баланд, қолаверса, йўлланмалар сони ҳам анча кўпайди. Шундай экан, бемалол уриниб кўриш имкони бор, ҳар ҳолда, бу ушалмайдиган орзу эмас энди.

- ЖЧ-2026 саралаш циклининг энг яхши тўпурари ва Иордания миллий жамоаси етакчиларидан бири сифатида мундиал чиптасини таъминлаш имкониятини юқори баҳолаётганингиз яхши. Хўш, жамоа таркиби савия ва ижрочилар нуқтаи назаридан юксак талабларга жавоб бера оладими?

- Тўғри, жамоамизда супер­юлдузлар йўқ. Ҳаммамиз шунчаки, мураббийлар штаби сўраган ишларни бажаряпмиз, шунингдек, иорданиялик мухлисларга қувонч улашиш масъу­лиятини тўлиқ ҳис қиляпмиз. Менимча, бизда бинойидек жамоавий руҳ шаклланди ва бу энг катта вазифаларни зиммамизга олиш имконини беради. 

- Айтишларича, миллий жамоада айниқса, Язан ал Наймат билан яқин экансиз. Уни энг қалин дўст сифатида таърифлай оласизми?

- Ҳа, Язан менга энг яқин йигитлардан бири. Нафақат майдон, балки ташқарида ҳам жуда яхши муносабатдамиз. Шундай экан, унинг чин дўст эканлигини айтишим мумкин. Умуман олганда, табиатан ҳар бир жамоадошим билан тўғри муносабатда бўлишга интиламан. Нафақат термада, балки клубда ҳам.

- ОК-2023 чорак финали олдидан Язан билан бирга ҳал қилувчи ўйин чиптасини ютиш борасида ваъда берган экансизлар. Якунда буни уддаладинглар. Қизиқ, энди мухлисларга ЖЧга бориш масаласида қандайдир аниқ гап айта оласизми?

- Ҳозир уларга сал бошқача ваъда беришим мумкин: биз жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз. Бундан нима чиқишини эса вақт кўрсатади. Умуман, ушбу орзуни амалга ошириш учун ҳар қачонгидан яхшироқ имкониятга эга эканлигимизга ҳам ишончим комил.

- Ҳозирга қадар Кипр, Бельгия ва Францияда фао­лият олиб бордингиз. Хусусан, Лига 1 варианти қандай юзага келганига алоҳида тўхталсангиз. Ҳар ҳолда, Францияга йўл олиш билан олдинга катта қадам ташлаганингиз ўз-ўзидан тушунарли...

- Ҳа, бу олдинга ташланган қадам, албатта, лекин чегара эмас. Демоқчиманки, амбиция­ларим жуда кучли. Фикримча, ҳали бор салоҳиятимни кўрсатганимча йўқ, ҳамон ўйинимни тобора яхшилаш йўлида ҳаракатдаман. Умидворманки, иқтидорим олдинга яна бир неча қадам босиш учун етарли.

- Умуман, Франциядаги биринчи мавсум қандай ўтди? Лига 1 ва сиз ўйнаган бошқа чемпионатлар ўртасида қан-дай яққол фарқ сезилди?

- Ўйлайманки, мавсум мен учун ёмон кечмади. Лига 1 мен ўйнаган бошқа дивизионлардан кескин фарқланиши эса ўз-ўзидан маълум. Ахир Франция чемпионати Европада олдинги қаторларда туради, турнирда етук клублар ва катта ижрочилар бор. Албатта, бундай лигада тобланиш ҳар қандай футболчига катта фойда келтиради.

- Жордан Ферри, Тежи Саванье ва Акор Адамс каби ҳужумчилар билан рақобатлашиш ва бирга ўйнашнинг ижобий таъсири сезилмоқдами?

- Яққол! Буюк футболчилар билан рақобатлашиш ва ёнма-ён ўйнаш учун ҳар доим ўз устингда ишлашинг, уларни кузатиш асносида нималарнидир ўзлаштириб боришинг керак. Шунга мажбурсан, акс ҳолда, уларнинг давраларига қўшилолмайсан. Ўйлайманки, «Монпелье»да худди шундай қилдим ва ҳали давом этаман, албатта.

Манба: fifa.com, МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 06:33, 29.06.2024.
Ўқилди: 1630 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.