Бугунги жуфтликларда фарқлар кўп, аммо менимча, энг муҳими умумий таассуротда бўлса керак.
Испания ва Германия гуруҳ босқичида яхши ўйин кўрсатишди, ўйин сифати бўйича саволлар кам, яъни мабодо ютқазган тақдирда ҳам, муносиб рақибга бой берган бўлади, жамоа худди шу йўналишда давом этса, кейинги турнирларда ҳам асосий фаворитлардан бўлишига шубҳа йўқ.
Франция ва Португалия эса, гўёки, улар учун ҳали турнир бошланмагандек, потенциал тўлиқ очилмагандек туюляпти. Ғалаба умид беради, аммо мағлубиятга учрашса, нимадир нотўғри қилингандек, потенциал тўлиқ очилмагандек кўринади, мураббийлар истеъфо бериши, етакчилар танқид остида қолиши мумкин.
Шу жиҳатдан қарасак, Испания ва Германия баҳси ҳужумкор, футболчиларнинг эркин ҳаракатлари билан ўтса керак. Немисларнинг майдон эгаси эканини айтмаса, босим камроқ.
Франция ва Португалия эса, мағлубиятдан кўпроқ қўрқишади, чунки бу таассуротни биратўла салбийлаштириб юборади. Анча эҳтиёткор ўйин кўрсак керак. Қайсидир гол ҳаммасини ўзгартириб, қизиб кетмаса, агар.