Польшада янги можаро кўтарилди - «Барселона» ҳужумчиси Роберт Левандовски университет дипломларини сотиб олганликда айбланмоқда.
Барбара Мрозинска - социология фанлари доктори, шунингдек, Лодзда жойлашган хусусий университетнинг собиқ ўқитувчиси. Шу хоним орадан 6 йил ўтиб, Роберт Левандовскига боғлиқ коррупцион иш ҳақида бутун дунёга жар солмоқда...
Барбара Мрозинсканинг айтишича, Польшанинг биринчи рақамли спортчиси бўлиб турган Роберт Левандовски хусусий университетдан педагогика йўналиши бўйича 2та диплом сотиб олган. Унинг таъкидлашича, футболчи ҳеч қачон имтиҳон топширмаган, аммо расмий ҳужжатларда унга баҳо қўйилган. Аслида бу иш муҳокамаси бошланганига 5 йил бўлибди. Бу вақтда Левандовскининг адвокатлари яширадиган ҳеч нима йўқлигини таъкидлашмоқда. Айтишларича, Левагол рафиқаси Анна Левандовска қистови билан олий маълумот олиш учун ҳужжат топширган. Футболчининг ўзи бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаган. Мрозинска гумонига кўра, у шунчаки, ҳақиқат юзага сизиб чиқишидан хавфсираган.
Ҳужжатларга асосан, Роберт Левандовски 2018 йили Лодз хусусий университети магистратура босқичига қабул қилинган. У бунга қадар шу даргоҳда бакалавр даражасини олган. Дипломлар сотуви бўйича асосий гумонланувчи ҳам бор - икки хусусий университетга алоқадор олим (бирида ректор бўлган, иккинчисида маърузалар ўқиган). Маълум бўлишича, у ва Левандовскининг рафиқаси ўртасидаги ёзишмалар бор. «Левандовски Лодз хусусий университети дипломини сотиб олган. Буни жавобгарликни тўлиқ англаган ҳолда ёзяпман, чунки футболчи менинг назоратимдаги 2та имтиҳондан «ўтган». Ушбу жирканч иш бўйича гувоҳ сифатида суд мажлисида ҳам қатнашдим», — деб ёзди Мрозинска «Твиттер» тармоғида.
Муносабат
- Анна Левандовска 2007 йили Варшавада ўқишни бошлаган, бироқ узоқ вақт уни тугатолмаган эрининг олий маълумотга эга бўлиши, келажакда мураббийлик мактабига киришини хоҳлаган. Шу тариқа Роберт Лодзда 2та диплом олган, аммо ёлғоннинг умри қисқа бўлишини тушуниб, ҳеч қачон бу ҳужжатлари билан мақтанмаган. Ахир Варшавада 13 йил ўқиган ҳолда, Лодзда 2та диплом олгани маълум бўлса, ҳаммада шубҳа уйғонарди (Onet).