25-30 апрель кунлари Фарғона шаҳрида 2000 ва 2001 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида футбол мусобақаси бўлиб ўтади. Мусобақада жами саккиз жамоа иштирок этиб, улар орасида Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон ва Фарғона вилояти терма жамоалари ҳам бор. Бундан ташқари, Фарғона вилояти Олимпия захиралари коллежи, Фарғона вилояти Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби (БЎСМ), шунингдек, «Олтиариқ» жамоаси тарбияланувчилари ҳам иштирок этишади.
ЎФФ Терма жамоалар маркази селекция масалалари бўйича ходими Тоҳир Кападзенинг сўзларига кўра, мусобақадан кўзланган асосий мақсад – мамлакат терма жамоаси учун жойлардаги иқтидорли ёшларни саралаш ва танлаб олишдир.
«Бўлажак мусобақа биз учун ғоят катта аҳамиятга эга. У бизга 2000 йилда туғилган ўсмирлардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси учун энг иқтидорли болаларни аниқлаб олиш имконини беради. Кейинчалик бундай мусобақалар Самарқанд ва Тошкентда ҳам ўтказилади. Шундан сўнг республика миқёсидаги мусобақа ташкил этилади ва биз учун энг яхши спортчиларни танлаб оламиз», - деди Кападзе.
«Бу каби мусобақалар ёш ўйинчилар учун қўшимча имконият ҳисобланади. Ўйинчи бундай мусобақаларда ўзини кўрсатиб, терма жамоадан ўрин олиши мумкин. Худди шундай тажриба бошқа терма жамоалар даражасида ҳам қўлланилади. Шу йўл билан биз мамлакатимиз терма жамоаларига номзод ўйинчиларни кўпайтирамиз. Бу эса, ўз навбатида, терма жамоада рақобат ва таркибнинг кучайишига сабаб бўлади», - дея қўшимча қилди Тоҳир Кападзе.