"Насаф"нинг ёш ва моҳир ҳужумчиси Кенжа Тўраев "Олмалиқ" билан бўлган учрашувда жароҳат олган эди. Клуб матбуот хизмати раҳбари Азиз Нурийнинг клуб расмий твиттер саҳифаси орқали берган маълумотига кўра, ушбу ҳужумчининг майдонга тушишига олти ой вақт керак бўлади.
Маълум бўлишича, Кенжанинг "Олмалиқ" билан бўлган учрашувгача ҳам кичик жароҳати бўлган. Аммо у майдонда ҳаракат қилишни давом эттирган. 1-турдаги учрашувда олган жароҳатидан кейин шифокорларнинг тавсиясига кўра жарроҳлик амалиётини ўташи керак бўлган.
"Насаф" ПФК расмий твиттери орқали тарқатилган хабарда бундай дейилади: "Кеча жамоамиз ҳужумчиси Кенжа Тўраев Москвада жарроҳлик амалиётини ўтади. Унинг тўлиқ соғайиб майдонга қайтишига олти ой вақт керак бўлади".
Жамоа шифокори Рустам ака Меҳмоновнинг хулосасига асосан Кенжа Тўраевнинг майдонга тушишига ана шунча вақт керак бўлади. Балки, бундан оз вақт ҳам етарли бўлиши мумкин. Кенжа 20 апрель куни Москвадан юртимизга қайтиб келиши кутилмоқда.
Биз мухлислар Кенжа Тўраевнинг тезроқ жароҳатлардан қутилиб, майдонга қайтиб, ўзининг чиройли ўйинлари билан биз мухлисларни хурсанд қилишда давом этишини тилаб қоламиз.