Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания 2-1 Германия
06/07 00:00 Португалия 0-0 Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия
07/07 03:00 Колумбия - Панама
07/07 06:00 Уругвай - Бразилия

«Локомотив» чемпион майдонидан ғалаба билан қайтди

Баҳо:
+ | -

"Локомотив" ўз тарихида ўзаро ўйинларда илк ғалабасини қўлга киритди. Боз устига, ушбу ғалаба амалдаги чемпион майдонида қўлга киритилди.

Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган "Локомотив" ўйин бошидаёқ ҳисобни очиши мумкин эди. Жасур Ҳасанов ўйиннинг 2-дақиқасида дарвозабон билан бирга-бир вазиятда дарвозани ишғол қила олмади. Александр Лобанов тўпни оёқлари билан қайтариб, майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Ўйиннинг 24-дақиқасига келиб ҳисоб очилди. Мурод Исмоилов майдонга бир нафар ҳужумчини туширганига қарамай, ҳужумчиларга ёрдамга етиб келган Кахи Махарадзе гол муаллифи бўлди. Аввалига грузиялик футболчи қанотдан етказиб берилган голга бош билан зарба берди, бироқ тўп дарвоза томонга эмас, ён томонга кетди, Темурхўжа эса тўпни эгаллаб олиб, ортга қарамасдан яна уни дарвозабон майдончасига қайтарди. Барчадан илдамроқ ҳаракат қилган Махарадзе ҳисобни очди.

Меҳмонлар ҳисобни тезда тенглаштиришди. Илдар Маматказин ҳимояга яқин жойда тўпни Тожиевга олдириб қўйди ва Фарҳод тўпни чап қанотда жарима майдончасига яқинлашиб келаётган Холматовга етказди. Тожикистонлик футболчи чап оёқда кучли зарба билан дарвозабоннинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди. Айнан ўша дарвоза ортида 2та секторни тўлдириб ўтирган 1500 нафар "Локо" мухлислар "портлашди".

"Локомотив" босимни пасайтирмасдан ҳужумни давом эттирди. Акмал Холматов бурчак зарбаси орқали дарвозабон яқинига етказиб берган тўпини ҳимоячилар қайтаришди ва ярим ҳимоячи тўпни яна ўша нуқтага йўллади. Бу сафар Карпенко дарвозабондан илдамроқ ҳаракат қилиб, авва тўпни кўкраги билан қайтарди ва жудаям ўткир бурчак остидан дарвозага буриб юборди. Тўп дарвоза тўригача етиб бормади — уни ҳимоя тепиб юборди. Равшан Эрматов ва Абдуҳамидулло Расулов биргаликда тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганини қайд этишди — 1:2.

Ушбу голлар "Пахтакор"ни руҳан синдириб қўйди. Улар тўпни майдон марказидан ўйин киритиб беришган заҳоти яна тўпни йўқотишди ва бу сафар Фарҳод Тожиев дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб бориб, дарвоза томон ноаниқ зарба берди. Кейинги вазиятда Даврон Ҳошимовнинг олис масофадан кучли зарбаси Бугало қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.

Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқалари Мурод Исмоилов ўйини қовушмаган Ильдар Маматказин ўрнига Акбар Исматуллаевни туширгани билан ёдда қолди.

Иккинчи бўлим бошида Абдухолиқов жарима майдончаси ичида тўп учун иккинчи қаватда курашда ҳимоячидан устун келди ва ўтир бурчак остида ноаниқ зарба берди. 51-дақиқада Темурхўжаев бош билан дарвозанинг "тўққизлиги"ни нишонга олганди, тажрибали Бугало тўпни қайтариб юборди. 55-дақиқада ушбу ҳужумчи дарвозани ишғол қилди, аммо у тўпни қабул қилаётганида ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди.


Майдон эгаларининг босими ошиб борди. Мураббийлар штаби иккинчи ҳужумчи Игорь Сергеевни чап қанот ҳимоясига туширишди. Айнан унинг қанотидан етказиб берилган тўпни темирйўлчиларнинг мудофаа чизиғи қайтаришди, Ғулом Ўруновннг кучли зарбасини эса Бугало эгаллаб олди.

Қари ҳужумда ўйнаётган "Локо" учун майдон марказида Фарҳод Тожиев "навбатчилик" қилди. Айнан у майдон марказида тўпни эгаллаганча "қочди" ва ўз йўлида учраган Исматуллаев ва Козакни алдаб ўтиб жарима майдончасига кирдию, аммо чап оёқда берган зарбаси аниқ чиқмади.

Жароҳатидан фориғ бўлиб, захирадан майдонга тушган Санжар Турсунов майдон марказида тўпни эгаллаб олиб, Фарҳодни олдинга ташлади. Тожиевнинг бу галги зарбаси ўша йўналишда — ноаниқ бўлди. Турсуновнинг майдонга тушиши теммирйўлчиларнинг ўйинини кучайтирди. 75-дақиқада айнан Санжар ва Карпенко ўнг қанотда ўзаро комбинация уюштиришди ва Турсуновнинг қанотдан етказиб берган тўпини Ўрунов оёқлари орасида ўтказиб юборди. Карпенконинг яқин масофадан берган кучли зарбасини эса Лобанов ажойиб "сейв" намойиш қилиб қайтариб қолди.

Ўйин тугашига 12 дақиқа қолганида Ҳаким Фузайлов чарчаб қолган Карпенко ўрнига ҳужумчи Иван Нагаевни майдонга тушлади. Ваня тўпга илк марта тегишадаёқ гол уриши мумкин эди. Темирйўлчиларнинг тез-тез қисқа масофалардаги тўп узатишларидан кейин Нагаев дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди (ҳимоячи таъқиби остида), аммо аниқ зарба йўллай олмади.

Ўйин якунланган сари "Пахтакор" таваккал қилишга мажбур эди. Сергеевнинг бош билан берган зарбаси кучсиз чиққани боис, Бугало уни осонлик билан эгаллаб олган бўлса, Нагаевнинг бошда йўллаган зарбаси шундоққина дарвоза ёнидан ўтиб кетди.

"Локомотив" ҳимоячилар ва Бугало ўйинни деярли бехато ўтказишди ва ғалабани сақлаб қола олишди.

Ушбу ғалаба "Локомотив"нинг чемпионлик учун курашиш имкониятини оширди. "Пахтакор" мавсумдаги иккинчи мағлубиятидан кейин ўз унвонини сақлаб қолиш вазифасини қийинлаштириб юборди.

ОЛИЙ ЛИГА-2013. 6-ТУР
"ПАХТАКОР" - "ЛОКОМОТИВ" - 1:2 (1:2)
Голлар: Кахи Махарадзе (24) — Акмал Холматов (28), Виктор Карпенко (33)
Огоҳлантиришлар: Ойбек Қиличев (19), Кахи Махарадзе (86) — Дилшод Жабборов (12), Ислом Тўхтахўжаев (37)
"Пахтакор": 12. Александр Лобанов, 27. Илҳом Суюнов (Игорь Сергеев 61), 29. Владимир Козак, 21. Ильдар Маматказин (Акбар Исматуллаев 39), 24. Даврон Ҳошимов, 7. Кахи Махарадзе (С), 3. Ғулом Ўрунов, 15. Жамшид Искандаров, 23. Александр Мерзляков, 34. Ойбек Қиличев (Жора Оганесян 50), 9. Темурхўжа Абдухолиқов
"Локомотив": 1. Павел Бугало (С), 17. Салим Мустафоев, 4. Бобур Йўлдошев, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 19. Ислом Иномов, 30. Дилшод Жабборов, 7. Садриддин Абдуллаев (Дилшод Раҳматуллаев 62), 8. Акмал Холматов, 16. Жасур Ҳасанов (Санжар Турсунов 70), 29. Виктор Карпенко (Иван Нагаев 79), 10. Фарҳод Тожиев.
Ҳакамлар:  Р.Эрматов, А.Расулов, Ж.Саидов, З.Қодиров
Назоратчи: А.Абдуллаев
2013 йил 19 апрель. Тошкент. "Пахтакор". 8500

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:22, 19.04.2013.
Ўқилди: 8578 марта.
Фикрлар: 80 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.