Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Андрей Сидоров: «БААдаги турнирдан керакли хулосаларни чиқардик»

Баҳо:
+ | -

Аввал хабар қилиб ўтганимиздек, янги тузилган ёшлар (U-19) терма жамоамиз Алексей Евстафеев бошчилигида ўзининг биринчи йиғинини ўтказди. 6-14 апрель кунлари Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган халқаро турнирда бу терма жамоамиз иштирок этди. Мазкур мусобақада вакилларимиз Қатар, Саудия Арабистони ва мезбон БАА ёшлар терма жамоалари билан куч синашишди.

Дастлаб мезбонлар билан бўлган ўйинда ёшларимиз 1:4 ҳисобида имкониятни бой беришди. Евстафеев шогирдлари иккинчи ўйинда Қатарга 1:2 ҳисобида ютқазишди. Сўнгги учинчи учрашувда ҳамюртларимиз Саудия Арабистони ёшлар терма жамоасига ҳам мағлуб бўлдилар – 1:2. Барча ўйинларда ютқазган терма жамоамиз турнирда сўнгги ўринни эгаллади. А

лбатта, бу терма жамоамизнинг дастлабки йиғини эди ва биринчи тайёргарликни Алексей Евстафеев хорижда ўтказди. БАА ташкил этилган турнир орқали мураббий йиғинга жалб этилган футболчиларни синовдан ўтказди. Ушбу турнирда ёшлар термасига таклиф этилган “Андижон” жамоасининг ёш ҳужумчиси Андрей Сидоров ҳам қатнашди. Саудия Арабистонига қарши кечган учрашувда айнан у ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Хориж йиғинини якунлаб “Андижон” сафига қайтганидан сўнг Сидоров билан суҳбатлашдик.

— Андрей, янги тузилган ёшлар терма жамоамиз билан БААдаги турнирда иштирок этдин. Мусобақадан олган таассуротларинг қандай?
— Бу биз учун биринчи хориж сафари эди. Албатта, таассуротлар ёмон эмас. Аммо турнирда ижобий натижалар кўрсата олмадик. Учала рақибимизга ҳам имкониятни бой бердик. Шунга қарамай, бундан тушкунликка тушмаган ҳолда ўз устимизда ишлашда давом этамиз. Терма жамоани тажрибали мутахассис Алексей Евстафеев бошқармоқда ва у кузда бўладиган Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тайёрламоқда. Мусобақа тўғрисида нима дейишим мумкин? Ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган, шунингдек, меҳмонхона, майдонлар умуман барча шароитлар аъло даражада. Якунда мезбонлар турнир ғолиби бўлишди. Умуман олганда бу мусобақада ўзимиз учун керакли хулосаларни чиқара олдик. 

— БААдаги турнирда нима учун ёмон натижа қайд этилди деб ўйлайсан?
— Терма жамоа тузилганига кўп вақт бўлмаганди. Йиғинга турли хил жамоалардан ўйинчилар жалб этилган. Илгари улар билан бирга тўп сурмаганмиз ва бир-биримизни яхши билмасдик. Шу нарса бизга қийинчиликлар туғдирди.

— Умуман терма жамоамизнинг ўйини қандай бўлди? Ёки рақиблар кучлимиди?
— Биринчи учрашувни мезбонлар БААга қарши ўтказдик. Дасталабки ўйин бўлгани учун йигитларда ҳаяжон бўлди. Натижада ўз дарвозамиздан тўплар ўтказиб юбордик. Иккинчи таймда яхши ўйин кўрсатган бўлсак-да гол ура олмадик. Шундан сўнг Қатар терма жамоаси билан куч синашдик. Бу ўйинда ташаббус бизнинг тарафда бўлди ва қатарликларни ҳимояда ўйнашга мажбур қилдик. Аммо иккита қарши ҳужумда дарвозамиздан иккита тўп олиб чиқдик. Қатар дарвозасини бир бор ишғол этган бўлсак-да мағлубиятдан қутулиб қола олмадик. Учинчи учрашувда эса Саудия Арабистонига қарши майдонга тушдик. Ушбу беллашувда ҳам бизга омад етишмади. Натижада яна 1:2 ҳисобида ютқаздик.

— Шахсан ўзинг барча ўйинларда иштирок этдингми?
— БАА ва Қатар терма жамоаларига қарши учрашувларда иккинчи бўлимда майдонга тушдим. Саудия Арабистони билан бўлган охирги ўйинда асосий таркибдан жой олдим ва бу учрашувда гол уришга ҳам эришдим. Лекин урган голим терма жамоамизни мағлубиятдан қутқара олмади.

—  БАА, Саудия Арабистони ва Қатар – бу терма жамоалардан қайси бири кучлироқ кўринди?
— Учала терма жамоанинг ҳам кучини тенг дейиш мумкин. Қолаверса, биз ҳам улардан қолишганимиз йўқ. Агар кейинчалик бошқа турнирлар ёки саралаш баҳсларида бу терма жамоалардан бири билан тушиб қолсак, албатта юта олишимизни исботлаймиз.

— Ҳаммани ҳам терма жамаоага чақираверишмайди. Кейинги йиғинларга жалб этиши учун Евстафеевнинг эътиборига тушишга ҳаракат қилсанг керак?
— БААдаги турнирда мураббийда яхши таассурот қолдиришга астойдил уриндим. Албатта, кейинги йиғинларга ҳам чақиришлари учун клубимда ўзимни кўрсатишим керак. Умид қиламанки, терма жамоага бу охирги боришим бўлмайди. 

— Владислав ёки Александр Сидоров деган футболчиларни биламиз. Сени уларга алоқанг йўқми?
— Йўқ, мен бошқа Сидоровман. Юрий Арслонов қўл остида футболнинг сир-асрорларини ўрганганман. “Пахтакор” ёшларига қарши ўйинда ҳаракатларим мураббийларга маъқул келгани боис “Пахтакор” академиясига таклиф этишди. 11 ёшимдан бери шу жамоадаман. 15 ёшимда “Пахтакор” ўринбосарлари билан шуғулланишни бошлаганман. Бу мавсумда эса “Андижон” жамоасига таклиф этишганда бунга қаршилик билдирмадим. “Андижон” яхши жамоа ва бу ерда ўйин амалиётини ошириш имкониятига эга бўламан. Қолаверса, янги жамоага ҳам тезда мослашиб кетдим. Бу ерда ҳеч қандай муаммога дуч келмадим.

— Қайси футболчилар кумирингиз бўлган?
— Болалигимдан менга Андрей Шевченконинг ўйинлари ёққан. У менинг ҳақиқий кумирим бўлган.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 14:48, 22.04.2013.
Ўқилди: 4654 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.