Саудия Арабистонида кўнгилочар ишлар бўйича бош бошқармаси раиси Турки ал аш-Шейх Олександр Усик ҳамда Тайсон Фьюри ўртасидаги реванш жанги 21 декабрь куни бўлиб ўтишини эълон қилди.
Боксчилар ўртасидаги дастлабки жанг 19 май санасида бўлиб ўтган эди. 12 раунд давом этган жанг Усикнинг ҳакамлар қарорига кўра ғалабаси билан якунланган эди.
Оғир вазн тоифасидаги ушбу қарама-қаршилик ҳақида яна нималарни билиш керак?
Фьюри Усикка қарши жангдан бир неча ҳафта кейин барда ичиб ўтирган ҳолда кўриниш берган, бироқ июнь ойидан тўлиқ машғулотларга қайтганди.
21 декабрь санаси биринчи жангдан роппа-роса 2 ҳафта ўтиб, янграган эди, кейинчалик эса бу хабар расман тасдиқланди. “Мутлақ жаҳон чемпиони Олександр Усик ҳамда Тайсон Фьюри ўртасидаги реванш жанги 21 декабрь куни бўлиб ўтади. Жанг мезбони Ар-Риёд бўлади. Яна тарихий жанг гувоҳи бўламиз. Бокс мухлислари олдида ўз мажбуриятларимизни бажаришда давом этамиз”, — деб ёзганди Турки ал аш-Шейх ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ортда қолган 3 ой мобайнида Фьюри барларга қадам ранжида қилар, оёқда тура олмайдиган даражада ичар эди. Бироқ дарҳол ўзига келиб, Усикка чақириқ ташлаган: “Уни нокаут қилишимга тўғри келади, чунки очколар ҳисобига уни мағлуб эта олмайман. Жангни интиқлик билан кутяпман. Олександр, дарҳол ўзингни тартибга келтир. Декабрда кўришамиз”.
Усик эса бу пайтда актёр Дуэйн Жонсон билан кинода рол ижро этди, Париж Олимпиадаси иштирокчиларини қўллаб-қувватлади, Лондонга Жойс-Чисора жангини кўриш учун борди. Олимпиада якунига етганидан сўнггина украиналик боксчи машғулотларга қайтди.
Реванш олдидан фактлар:
— Жанг учта камар учун кечади — июнь ойида Усик IBF камаридан воз кечганди, эндиликда бу камар Даниэль Дюбуага тегишли;
— Реванш — Биринчи жангнинг натижасидан қатъий назар боксчиларнинг шартномасида иккинчи жанг мавжуд эди. Лекин Фьюри ғалаба қозонган тақдирда, трилогия ҳақида ҳеч ким гапирмаган;
— Бу Усик учун фаолиятидаги иккинчи дилогия бўлади (биринчиси Жошуага қарши эди), Фьюрида эса аллақачон иккита дилогия мавжуд (Уайлдер ва Чисорага қарши);
— Агар Тайсон реваншда ғалаба қозонса, XXI асрда оғир вазн тоифасида уч карра чемпион бўлган учинчи боксчига айланади, бундан аввал Леннокс Льюис ва Виталий Кличко бу вазифани уддалаган. Лекин Энтони Жошуада бу миссияни 3 ой олдин бажариш имконияти мавжуд;
Усик ва Фьюри қарама-қаршилигининг биринчиси ва иккинчиси орасидаги вақт 7 ойни ташкил этади. Бу Льюис—Ҳолифилд (8 ой), Ҳолифилд—Тайсон (8 ой), Боу—Ҳолифилд (12 ой) дилогиясидан камроқ вақт ичида бўлиб ўтаётган жанг ҳисобланади;
— Иккала боксчининг реванш жанги санасидаги умумий ёши 73 ни ташкил этади (Усик — 37 ёшда, Фьюри эса 36). Иккинчи жангдан бир ой ўтиб, Олександр 38 га киради. Майк Тайсон ҳамда Леннокс Льюиснинг умумий ёши 72 ни ташкил этган эди;
— Агар Усик иккинчи марта ҳам ғалаба қозонса, Энтони Жошуага қарши учинчи ўтказиши мумкин. Бундай ҳолатда ушбу жанг мутлақ чемпионликни бирлаштирувчига айланади.
“Реваншларда иштирок этишни ёқтирмайман. Лекин мен Фьюрини яна мағлуб этсам, Жошуа эса Дюбуани енгса, учинчи жанг ғояси пайдо бўлади. Энтонига қарши трилогияни рад этишга ҳаққим бўлмайди, чунки унинг ўзи мен билан иккита жангга рози бўлган. Мен дунёга машҳур бўлишимда унинг ҳиссаси катта. Шу сабабли Энтони Дюбани мағлуб этса, унга учинчи жанг учун имконият беришга тайёрман”, — дейди Усик;
— Усик ушбу жангда ҳам фаворит ҳисобланмоқда;
— Олександр Усик 2018 йилдан буён илк бор бир календарь йилида 2 та жанг ўтказади. Фьюри эса 2022 йилда икки марта рингга чиққан эди. Орада фаолиятини тугатиб, қайтишга ҳам улгурди;
— Усикнинг профессионал рингдаги жангларининг ярми титул учун бўлган (22 тадан 11 таси). Фьюри эса 36 тадан 7 та жангида титул учун рингга чиққан;
— Тайсонга қарши реванш Усик учун британиялик боксчиларга қарши кетма-кет олтинчи жанг бўлади. Ушбу курашларда устунлик украиналик боксчи тарафида.