Ўзбекистон ва Португалия ёшлар терма жамоалари ўртасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувидан кейин европаликлар бош мураббийи Эдгар Борхес ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ушбу ўйинда футболчилар катта иштиёқ билан тўп суришди. Ўзбекистон ва бизнинг жамоанинг ўйин услублари турлича. Бу бежиз эмас. Боиси, биз айнан шундай — ўйин услуби фарқли бўлган жамоа билан ўйнашни истагандик. Мақсадимиз янги қарорларни синовдан ўтказишдан иборат эди. Биз иккинчи дивизион ва хориж чемпионатларида ўйнаётган баъзи футбочлиларни синаб кўрдик. Ўйинлар натижаси яхши бўлмади. Биз энди футболчиларнинг терма жамоадаги ва ўз клубидаги ўйинларини таҳлил қилиб борамиз", дейди португалиялик мутахассис.
"Тайёргарликнинг ушбу босқичи учун режалаштирилган деярли барча ишларни амалга оширдик. Натижа борасида мақсадга эриша олмадик. Футболчиларга ғолиблик руҳиятини ҳам сингдириш керак эди, аммо бу амалга ошмади. Мағлубиятга учрадик, дуранг ўйнадик, аммо ғалаба қозонишни истагандик. Натижани бир четга суриб қўядиган бўлсак, қолган ишларни тўлиқ амалга оширдик. Ҳар доим ғалаба қозониш учун эса айрим тўсиқлар бўлади. Тулон шаҳрида бўладиган мусобақадан кейин жаҳон чемпионатига борадиган таркибни аниқлаб оламиз. Ушбу йиғинимизда ЖЧга бориши мумкин бўлган айрим футболчилар иштирок этишмади", дейди Эдгар Борхес.