Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Отабек Шукуров Ўзбекистон миллий жамоаси машғулотларида ОАВ вакилларига интервью берди.
Футболчи клубини нега ўзгартиргани ва Туркиядаги фаолияти ҳақида гапирди.
“Тўғри, клубимни ўзгартирдим. Барчаси ортда қолди. “Кайсериспор”да бир оз муаммоларга дуч келдик. Бош мураббий ва менежерлар билан ишлаш қийин кечди. Шу жиҳатлар сабабли клубимни ўзгартиришга қарор қилдим. Сўнгги вақтда ўйин амалиётисиз ҳам қолиб кетаётгандим. Яратганга шукр, барчаси ортда қолди. Янги жамоамда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, терма жамоамизга Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишда ёрдам бериш мақсадидаман”.
Фото: “ЎФА”
Бундан ташқари Шукуров терма жамоа билан учрашувларга тайёргарлик жараёни ва зич тақдим муаммо туғдирмаслигини билдирди.
“Ўйинга кам вақт қолди. Терма жамоамизнинг ўзаги 3-4 йилдан бери шаклланиб келмоқда. Муҳими, яхши ички муҳит бўлиши. Шу орқали Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиз мумкин.
Футболчилар бутун фаолияти давомида бундай (зич) тақвимда ўйнаб келади. Бу муаммо туғдирмайди деб ўйлайман. Яқин бир йилда барча футболчилар ўз ҳолатини назорат қилиб туриши керак бўлади. Мураббийлар штаби ҳам бундай бизга кўмаклашмоқда. Бундай синовларни енгиб ўцак, мундиалга йўл олишимиз мумкин”.
Отабек Шукуров баҳсларга футболчилар руҳан тайёрлиги ва ЖЧ-2026 саралаши бундан олдингиларидан қандай фарқлари борлигини маълум қилди.
“Ҳамма (руҳан) тайёр деб ўйлайман. Биз бунга тўрт йил давомида тайёргарлик кўрдик. Шахсан ўзим ҳам футболчи сифатида иккита саралаш босқичларида иштирок этганман ва Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганман. Бош мураббийимиз ҳам бугун шу ҳақда айтиб ўтди. Бу босқичда катта босимга эътибор бермаслик кераклигини, ҳар доим қилиб келган ишимизни бажаришимиз кераклигини таъкидлади. Ҳеч қандай босимсиз, бор ўйинимизни намойиш эта олсак бўлгани. Потенциалимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш учун етарли.
Бу сафар бир мураббий билан 4 йилдан буён тайёргарлик кўриб келмоқдамиз. Жамоа ўзаги ўзгармади. Шу сабаб бир аҳил жамоа йиғдик. Таркибимизда яққол ажралиб турадиган футболчи йўқ. Барча футболчилар бирдек муҳим. Бу бизнинг устунлигимиз деб ўйлайман.
Ҳозирги кунда футбол ҳар куни ўзгармоқда. Футболчи сифатида ҳам кеча қилган ишингизни бугун бажара олмай қолишингиз мумкин. Энг асосийси, ўйин куни қанчалик тайёр бўлишингиз муҳим. Бу энг катта омил. Бу учрашувларнинг барчаси тарихга айланди. Биз энди янги тарих яратишга ҳаракат қиламиз. Барча мухлисларимиздан бизни дуо қилишларини сўраймиз. Сизлар, яъни ОАВ вакилларидан ҳам терма жамоамизни қўллаб-қувватлашларингизни илтимос қилган бўлардим”.
Маълумот учун, ўзбекистонлик футболчи Отабек Шукуров фаолиятини Саудиянинг “Ал-Файҳа” клубида давом эттиради. Саудияликлар Шукуров учун “Кайсериспор” жамоасига 400 минг евро тўлаб берди. Отабек янги жамоаси билан бир йилга мўлжалланган шартнома имзолади.
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш баҳсларини КХДРга қарши учрашув билан бошлайди. Учрашув эртага, 5 сентябрь куни “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.