Россия Федерациясининг Челябинск шаҳрида RCC Boxing промоутерлик компаниясининг навбатдаги профессионал бокс оқшоми ўтказилди.
Турнир доирасида тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилди. Уларнинг икки нафари ўз вазнларида IBF Intercontinental камари учун жанг қилишди. Иккинчи энг енгил вазнда IBF Intercontinental камари учун кечган жангда бухоролик Муҳаммад Шехов (15-0-1) Осиёнинг кучли чарм қўлқоп усталаридан Зонг Лиу (Хитой, 19-2-0)га қарши рингга чиқди. Ўн раунд тўлиқ давом этган жангда Шехов ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонди ва IBF Intercontinental камарини қўлга киритди.
Афсуски, қолган боксчиларимиз тўлиқ давом этган жангларда ҳакамларнинг қарорига кўра мезбон боксчиларга имкониятни бой беришди. Иккинчи ўрта вазнда IBF Intercontinental камари учун кечган жангда Улуғбек Собиров (14-4-0) россиялик Павел Сильягин (Россия, 15-0-1)га, биринчи ярим ўрта вазнда Жаҳонгир Расулов (7-1-1) Иван Козловский (10-0-0)га, ўрта вазндаги Баҳромжон Фозилов (10-4-3) Жамбулат Бижамов (Россия, 2-0-0)га ютқазиб қўйди.